Франциянинг Париж шаҳрида ўтаётган таэквондо WT бўйича Гран-при мусобақасида -68 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Улуғбек Рашитов олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
У финал жангида бразилиялик Эдивак Понтес устидан ғалаба қозониб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Бундан олдинги баҳсда спортчи габонлик Амар Мусса устидан зафар қучганди.
Рашитов финалдаги ғалабаси билан кетма-кет икки бор Гран-при турнирида ғалаба қозонган илк ўзбек таэквондочисига айланди. 2023 йилнинг июнь ойида Римда мусобақада ҳам Улуғбек Рашитов олтин медални қўлга киритганди.
Париждаги мусобақа бугун, 3 сентябрь куни ниҳоясига етади. Унда ўзбекистонлик 2 спортчи даянга чиқади:
- +67 кг: Светлана Осипова — Елизавета Степанова (халқаро нейтрал спортчи);
- +80 кг: Никита Рафалович — Омар Ал Язиди (Франция).