IQAir`нинг реал вақт режимидаги ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича рейтингида Тошкент соат 8 атрофида 4-ўринга кўтарилди. Бунга Ўзгидромет ходими Эркин Абдулаҳатов эътибор қаратди.

Скриншот: Telegram / @uzb_meteoСкриншот: Telegram / @uzb_meteo

Иқлимшуноснинг ёзишича, нам ҳаво оқимларининг кириб келишидан олдин пастдан юқорига сезилар-сезилмас куч ҳисобига пойтахт ҳавосида майда диперс чанг заррачалари билан ифлосланиш ортган.

IQAir платформасида пойтахт ҳавосининг сифат даражаси 144 бирлик билан баҳоланмоқда. Бу 101−150 оралиғидаги «тўқ сариқ» хавф даражасига киради ва таъсирчан одамлар гуруҳи учун носоғлом ҳисобланади.

Соат тўққизга келиб ҳолат бироз яхшиланди ва шаҳарда ҳаво ифлосланиши 118 бирликкача пасайиб, Тошкент рейтингда 8-ўринга тушди.

Скриншот: IQAirСкриншот: IQAir

Маълумот ўрнида, 3 июль куни ҳам ҳаво сифати бўйича юритиладиган IQAir сайтида Ўзбекистон пойтахти ҳавоси «зарарли» даражани кўрсатганди. Ўша куни ҳаво концентрацияси PM2,5 (ўлчами 0,001 дан 2,5 микрометргача бўлган қаттиқ микрозарралар мавжуд) 64,1 мкг/м3 (ЖССТ тавсиясига кўра кунлик — 15 мкг/м3, йиллик — 5 мкг/м3)ни ташкил этганди. Ўшанда ҳаво сифати индекси 155 бўлган Тошкент ҳавонинг ифлосланиши бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаганди.

Шунингдек, House Fresh халқаро жамоатчилик лойиҳаси ҳаво сифати бўйича ўз тадқиқотида Тошкентдаги ёмон ҳаво бир йилда чекилган 503 та сигарет каби аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, дея қайд этганди.