«Фарғона» чегара божхона постида 83 дона Ўрта Осиё чўл тошбақаларининг ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйилди, дея хабар бермоқда Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Чегара божхона пости ходимлари ДХХ Чегара қўшинлари ходимлари билан ҳамкорликда қўшни давлатга ҳаракатланаётган Damas машинасини белгиланган тартибда кўздан кечирган. Натижада унинг салонида ҳайвонларни ташиш қоидаларига зид равишда контейнерга жойланган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган 83 дона тошбақалар борлиги аниқланган.

Тошбақалар Фарғона ҳайвонот боғи мутахассислари иштирокида кўздан кечирилган. Улар Ўзбекистон «Қизил китоби»га камайиб бораётган тур сифатида киритилган Ўрта Осиё чўл тошбақаси экани ва 5 донаси нотўғри ташилгани сабабли зарарлангани маълум бўлган. Ҳайвонларга тиббий муолажалар кўрсатилган.

Жонзотлар суднинг якуний қарори чиққунга қадар вақтинча сақлаш учун ҳайвонот боғига топширилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.