Ички ишлар вазирлиги жиноят содир этган ёки жиноят қилиши, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир этиши мумкин бўлган ҳамда назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганларнинг рўйхатини шакллантиради. Бу бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамалар порталига жойлаштирилди.

Лойиҳада тарбияси оғир ўсмирларни мустақил ҳаётга тайёрлаш даврида улар билан якка тартибда ишлаш учун мутасаддилар томонидан оталиққа олиш тартибини жорий этиш белгиланган. Бунда «Оила — маҳалла — мактаб — мустақил ҳаёт» тамойили асос қилиб олинган.

Лойиҳага кўра, вояга етмаган шахсларни оталиққа олиш ҳуқуқ-тартибот идораларининг, барча даражадаги давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва ўринбосарлари, ҳокимликлар, таълим муассасаси директорлари ва маҳалла раислари томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, оталиққа олган мутасаддилар ҳар 6 ойда бир марта туман (шаҳар) ҳокимларига амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот бериб боради.

Ҳужжатнинг қабул қилиниши вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларни мустақил ҳаётга тайёрлашда оталиққа олиш тартибини жорий қилишга хизмат қилади, дея таъкидланади лойиҳада.

Аввалроқ Фарғона вилоятида оғир жиноятларнинг 20 фоизини, ўта оғир жиноятларнинг эса 43 фоизини айнан Қўқонда яшовчи вояга етмаганлар содир этгани ҳақида хабар берилганди. Президент бу бутун республика бўйича энг ёмон кўрсаткич эканини айтган.