Иш ҳафтаси охирида ҳаво кескин совийди

11 октябрда Ўзбекистонга Қора денгиз ҳудудларидан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб кела бошлайди. Ҳарорат кечалари +6…+11, шимолда +2…+7, кундузи +12…+17 даражагача пасаяди. Вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Бу ушбу мавсумда биринчи ҳақиқий кузги совуқ бўлади, дейди Ўзгидромет.

Ўзбекистонда бир йилда атмосферага 874 минг тонна саноат чиқиндилари чиқарилди. Қаердан?

2022 йил саноат корхоналари ҳавога 874 минг тонна чиқинди чиқарди. Уларнинг катта қисми нефть-газ, энергетика, металлургия корхоналари ҳисобига тўғри келади. Вазирлар Маҳкамаси 2023 йилда 145 корхонада 723 та чанг-газларни тутиб қолиш ускуналарини таъмирлаб, ташланмаларни камайтирмоқчи.

Ўзбекистон Россия билан газ етказиб бериш бўйича ўрта ва узоқ муддатли шартномаларни муҳокама қилмоқда

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Газпром» (Россия) билан газ етказиб бериш бўйича ўрта ва узоқ муддатли шартномалар музокарасини бошлади, дея маълум қилди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Ўзбекистонда блокланган TikTok солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди

TikTok ижтимоий тармоғи Ўзбекистонда 2021 йилнинг ёзидан буён блокланганига қарамай, солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди. Эндиликда хизматлар учун тўлов 12 фоизлик ҚҚСни ўз ичига олади.

1 ноябрдан айрим ҳудудларда электр энергиясига ҳисоблагич орқали 10−15 кВ қувват доирасида чеклов киритилади

Ўзбекистондаги эскирган ва ортиқча юклама билан ишлаётган электр тармоқлари ва трансформатор пунктлари жойлашган ҳудудларда ҳисоблагич орқали 10−15 кВ қувват доирасида чеклов киритилади. Бу қиш ва ёздаги ноқулай об-ҳаво шароитида тармоқларга юклама тушишини олдини олиш учун амалга оширилади.

Санжар Эрданов «Ўзбекконцерт» директори в.в.б. бўлди

Санжар Эрданов «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Фаолиятида камчиликларга йўл қўйган ҳудудий бўлим раҳбарларининг айримлари охирги маротаба огоҳлантирилди.

Пойтахт туманига илк бор аёл ҳоким тайинланди

Тошкентнинг Яккасарой туманига Нилуфар Аллабергенова ҳоким этиб тайинланди. У 2019 йилдан буён шу туман прокурори сифатида ишлаб келаётганди.

«Ўзтрансгаз» бошқарув раисига ўринбосарлар тайинланди

Муҳсин Рахмонов ва Шоҳжаҳон Сафаров «Ўзтрансгаз» бошқарув раисининг биринчи ўринбосарлари, Жаҳонгир Байбаев эса раис ўринбосари лавозимига тайинланди.

Партиялар Ўзбекистонда аралаш сайлов тизимига ўтиш масаласини муҳокама қилишни бошлади

Ўзбекистонда партиялар фракциялари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини сайлашнинг мажоритар-пропорционал (аралаш) тизимига ўтиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама қилишни бошлади.

Президент Осиё ўйинлари тарихида энг яхши натижа кўрсатган спортчиларни табриклади

Шавкат Мирзиёев XIХ ёзги Осиё ўйинларида 71 та медалга сазовор бўлган ўзбекистонлик спортчиларни табриклаб, олтин медалларнинг ярмини қизлар қўлга киритганидан мамнунлигини таъкидлади. Президент, шунингдек, 2024 йилда Парижда ўтадиган Олимпиадада муваффақиятли иштирок этишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон Фаластин-Исроил можаросидан жиддий хавотирда — ТИВ

Ўзбекистон ТИВ Фаластин-Исроил можароси тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга олиб келгани ва Яқин Шарқдаги вазиятни мураккаблаштирганидан жиддий хавотир билдирди. Мамлакат томонларни қуролли қарама-қаршиликни тез фурсатда тугатиш ва инқирозни дипломатик воситалар орқали ҳал қилишга чақирди.

Исроилдан Ўзбекистонга авиарейслар бекор қилингани йўқ — элчихона

Ўзбекистоннинг Тель-Авивдаги элчихонаси Исроилда бўлиб турган фуқаролардан Ўзбекистонга учиш учун бемалол авиачипта олиши мумкинлигини билдирди. Шунингдек, фуқаролардан Исроилдаги яқинлари йўқолган ёки яраланган бўлса, консуллик бўлимини хабардор қилиш сўралди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола:

Исроил — Фаластин можароси. Асосий янгиликлар

Исроилда қурбонлар сони 700 нафардан ошди, 2200 дан ортиқ одам жароҳатланган. Ғазо секторида эса камида 413 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 2300 киши яраланган. ОАВ Эрон ҲАМАСга ёрдам бергани ҳақида ёзди, Эроннинг ўзи эса буни рад этди.