9 октябрь куни «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти бошқарув раисига ўринбосарлар тайинланди, дея хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

Хусусан, Рахмонов Муҳсин Нарзуллоевич компания бошқарув раисининг биринчи ўринбосари — бош муҳандис лавозимига тайинланди.

У тайинловга қадар «Ўзтрансгаз» АЖ Газли магистраль газ қувурлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари — бош муҳандис лавозимида фаолият юритган.

«ўзтрансгаз», тайинлов
Муҳсин Рахмонов. Фото: «Ўзтрансгаз»

Байбаев Жаҳонгир Бахтиярович компания бошқарув раисининг қурилиш ва транспорт бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Шу пайтга қадар у Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси — «Ўзенергоинспекция» Нефть-газ соҳасида назорат тадбирларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

«ўзтрансгаз», тайинлов
Жаҳонгир Байбаев.

Сафаров Шоҳжаҳон Илҳомович компания бошқарув раисининг трансформация масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчиси этиб тайинланди.

Бу тайинловга қадар у «Ўзтрансгаз» АЖ инвестициялар ва истиқболли ривожланиш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаётганди.

Эслатиб ўтамиз, август ойида «Ўзнефтгазинспекция» раҳбари ўринбосари сифатида ишлаб келган Аскар Исаков «Ўзтрансгаз» бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди. «Газета.uz»нинг аниқлашича, компаниянинг аввалги раҳбари Беҳзот Норматов 6 ойча олдин лавозимини тарк этган, бироқ бу ҳақда расман хабар берилмаган.