Ижтимоий тармоқларда Equinox русумли давлат рақами 01 K 777 GA бўлган автомашина ҳайдовчиси Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги Кўкча дарвоза кўчасида катта тезликда бошқа автомобилга бориб урилгани акс этган видео тарқалди.
Видеода ҳайдовчи бир қўли билан рулни ушлаб, бошқа қўлида телефон камераси орқали видео олиб кетаётганини кўриш мумкин. Ўша пайтда светофорнинг қизил чироғига яқинлашиб, тўхташга улгурмай, машина йўқ биринчи қатордан учинчи қаторга ўтиб, Nexia-3 билан тўқнашди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ЙТҲ 16-июль куни тахминан соат 16:15 да Кўкча дарвоза ва Сақичмон кўчалари чорраҳасида содир бўлган. Equinox автомашинасини 18 ёшли М.Р (2005 йилда туғилган) бошқарган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Nexia-3 ҳайдовчиси ва йўловчиси (1990 ва 1986 йиллар) тан жароҳати олган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми (Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши, худди шунингдек бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши / базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари ёки 1 миллион 65 миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади) ва 133-моддаси (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши / БҲМнинг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йилдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади) билан маъмурий иш қўзғатилган.
2023 йилнинг саккиз ойи давомида Ўзбекистонда 5772 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилган. Уларда 5448 киши жароҳатланган, 1415 киши ҳалок бўлган. Етти ойлик статистикада эса ЙТҲ оқибатида вафот этганлар сони 1115 нафар эди.