Янгиланиш: Учтепа туман ҳокимлиги коллектор курилишида 5 нафар ходимни тупроқ босиб қолганини маълум қилди. Бироқ улардан 2 нафари вафот этди, 1 нафари касалхонада, қолганларнинг аҳволи қониқарли баҳоланмоқда.

11 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида уч нафар қурувчини тупроқ босиб қолиб, вафот этгани айтилган видео тарқалди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат бўйича изоҳ берар экан, соат 14:21 да туманнинг Бешқайрағоч кўчасида оқова (чиқинди) сувлари учун мўлжалланган чуқурлик (котлован) қазиш вақтида ўпирилиш содир бўлганини маълум қилди.

«3 нафар фуқаро тупроқ остида қолиб кетгани тахмин қилинмоқда. Ҳодиса жойига зудлик билан етиб борган шаҳар ФВБнинг 2 та қутқарув отряди 16 нафар қутқарувчилари етиб борган», — дейилади хабарда.

Соат 16:54 да, яъни 2 соатдан кўпроқ вақт ўтиб чиқарилган маълумотга кўра, тупроқ остида қолиб кетган фуқароларни қидирув ишлари олиб борилмоқда. Воқеа жойига шаҳар ФВБ, ССБ, ИИБ раҳбар ходимлари борган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.