Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари 2023 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистоннинг мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини таҳлил қилди.

Мева-сабзавотлар экспортида қиймат жиҳатидан энг катта улушни шафтоли (нектарин, 8,8 фоиз), гилос (6,9 фоиз), пиёз (6,9 фоиз), узум (6,1 фоиз), майиз (5,5 фоиз), ўрик (4,3 фоиз), қовун, тарвуз (4,8 фоиз) ҳамда помидор (3,3 фоиз) эгаллади.

Йилнинг дастлабки 8 ойи давомида хорижий мамлакатларга умумий қиймати 763,6 млн долларга тенг бўлган 1 млн 246,9 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Бу эса 2022 йилнинг шу давридагига нисбатан 16,7 фоиз кўп ҳисобланади.

Экспортнинг умумий ҳажмида мева-сабзавотлар улуши 4,6 фоизни ташкил этган. Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Россия (42 фоиз), Покистон (15,4 фоиз), Қозоғистон (12,1 фоиз), Қирғизистон (8,4 фоиз), Хитой (8,3), Туркия (2,2 фоиз), Беларусь (1,6 фоиз), Афғонистон (1,3 фоиз), Эрон (0,9 фоиз), Ироқ (0,9 фоиз) саналади.