18 октябрь куни Сурхондарё вилоятидаги темир йўл кесишмасида тепловоз Spark автомашинаси билан тўқнашиб кетди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот хизмати хабар берди.
ЙТҲ Шўрчи-Хайробод участкасидаги қўриқланмаган темир йўл кесишмасида содир бўлган. У ерда йўл белгилари ва сигнализация ўрнатилган. Поезд фавқулодда тормозланганига қарамай, мазкур ҳодиса рўй берган. Ҳодисага автомашина ҳайдовчиси томонидан ҳаракатланиш қоидаси қўпол равишда бузилгани сабаб бўлган.
Тўқнашув оқибатида тепловоз бироз шикастланган, поезд йўловчилари жабрланмаган. Spark ҳайдовчиси шифохонага етказилган ва кўрсатилган ёрдамга қарамай, вафот этган.
Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан воқеа юзасидан текширув олиб бормоқда, дейилади хабарда.