8 ноябрь куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидан ўтувчи М-39 халқаро автомагистраль йўли ва айрим хонадонларни сел босди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
М-39 халқаро автомагистралининг Бойсун тумани «Чилонзор» маҳалласидан ўтган қисмида сел-сув тошқинлари йўлнинг қатнов қисмига чиқиб келган. Ҳодиса жойига туман ҳокимлиги, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари етиб борган ва вазиятни назоратга олган.
Ҳозирда сел-сув тошқини оқибатларини бартараф этиш, хусусан, йўл бўйида жойлашган айрим хонадонлар ва бошқа объектларда сув тўпламларини ҳамда йўлдаги лой-шағал аралашмасини тозалаш ишлари олиб борилмоқда.
«Транспорт ҳаракати тикланган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзгидромет хизмати агентлиги 8−9 ноябрь кунлари кучли ёмғирлар ёғиши кутилаётгани сабабли республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.