Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Янги Ўзбекистон кўчаси ва 4R12 автомобиль йўли кесишмасидаги йўл ўтказгич қурилиши лойиҳаси билан танишди.

Лойиҳага кўра, 1 та йўл ўтказгич, 3 та туннель, 4 та айланма йўл ва қўшимча йўллар қурилади. Натижада ҳозирги «Т» кўринишдаги чорраҳа орқали тўхтамасдан ҳаракатланиш мумкин бўлади.

4r12, йўл кесишмаси, чорраҳа

«Бу йўл барчамиз учун яхши маълум бўлган «Т»симон чорраҳасидир. Бу [лойиҳа]ни асосий аҳамияти чорраҳадаги юкламани ечиш, аҳолини вақтини тежаш. Қурилиш тугаллангач, Паркент ва Бўстонлиқ туманларига бўлган йўл камида ярим соатга қисқаради», — деди пудратчи ташкилот директори Раҳимжон Муҳамедов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, транспорт кесишмасида ҳеч қандай чорраҳа, светофор ва кесишма йўллар бўлмайди. «Шу нуқтаи назардан, йўлда вақтдан иқтисод қилинади. Лойиҳани бошқариш ва техник назорат бўйича Туркиянинг Аркон компанияси билан шартнома қилинган. Йўл Германия сифати [асосида қурилади]. Қурилиш ишлари транспорт оқимини тўхтатмаган ҳолда олиб борилади, фақатгина йўлнинг бир тарафи ёпилади, транспорт ҳаракати учун бир қаторни қолдирамиз», — деди у.

4r12, йўл кесишмаси, чорраҳа

«Ўзбекистон 24» телеканали хабарига кўра, чорраҳалар 4 гектар майдонни эгаллайди, йўлнинг умумий узунлиги 6,5 километрни ташкил этади. Ҳозирда лойиҳалаш ишларининг биринчи босқичи якунланган, ер ости туннелини ётқизиш учун пойдевор тайёрланган. Йўл ва иншоотлар тўлиқ монолит конструкциядан қурилади ва 3500 та қозиқ ўрнатилади.

Амалга оширилган ишлар натижаларига кўра, йўлнинг ўтказувчанлиги соатига («Ўзбекистон 24» телеканалида «дақиқасига» дейилган бўлса-да, аслида «соатига» бўлиши керак — таҳр.) 8 минг автомобилни, учта йўл ўтказгич билан эса соатига 24 минг автомобилни ташкил этиши кутилмоқда. Маълум қилинишича, бунинг натижасида 1100 соат вақт ва 4100 литр бензин тежалади.

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Биринчисида учта туннель қуриш режалаштирилган: иккитаси Тошкент-Бўстонлиқ йўналиши бўйича, бу ерда ишлар аллақачон бошланган ва уни [фойдаланишга] топшириш 2024 йилнинг май ойига мўлжалланган, яна бир туннель Паркент-Тошкент йўналишида. Иккинчи босқич 2024 йилнинг ноябрида бошланиши ва 2025 йилнинг майига қадар якунланиши режалаштирилган.

Лойиҳа акс этган видеода йўл ўртасида трамвай борлигини ҳам кўриш мумкин.

4r12, йўл кесишмаси, чорраҳа

Туркиядан келган мутахассиснинг каскасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг амалдаги ўринбосари Давронжон Одилов аввал директор ўринбосари бўлиб ишлаган Gold Step Invest компанияси ёзуви бор. У Янги Тошкент қурилиши дирекциясини ҳам бошқаради.

4r12, йўл кесишмаси, чорраҳа

Лойиҳа фотосуратлари билан ушбу ҳаволада танишишингиз мумкин.