Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, сухандон Ўткир Сиддиқов 78 ёшида вафот этди, деб хабар бермоқда Маданият вазирлиги ахборот хизмати.

Ўткир Сиддиқов 1945 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтининг драма ва кино актёрлиги йўналишини тугатган. 1968 йилда «Шодлик» ашула ва рақс ансамблида иш бошлаган.

У бошловчи сифатида 8 мингга яқин концерт ва тадбирда иштирок этган, 260 мартадан ортиқ турли шаҳар ва мамлакатдаги сафарларда бошловчилик қилган.

Ўткир Сиддиков концерт дастурларида Алишер Навоий, Нодирабегим сингари мумтоз адабиёт вакилларининг шеър ва ғазалларини, Зулфия, Хамид Олимжон, Уйғун, Туроб Тўла, Шуҳрат, Акмал Пўлат, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Пўлат Мўмин, Жуманиёз Жабборов, Мухаммад Юсуф, Нормурод Нарзуллаев, Бобур Бобомурод, Дмитрий Полинен, Фарида Афруз ва бошқа кўплаб замондош шоирлар асарларидан намуналарни ижро этган.

1996 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист номига сазовор бўлган, 2017 йилда эса «Шуҳрат» медалига лойиқ кўрилган.