19 ноябрь куни 150 мингдан зиёд ўзбекистонликлар Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақасида иштирок этди. Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан мамлакатнинг 16 та шаҳрида Марказий Осиёдаги кенг кўламли спорт тадбирларидан бири ташкил этилди.
Байроқ кунига бағишланган Yangi Nafas ватанпарварлик руҳидаги оммавий югуриш мусобақаси Андижон, Наманган, Фарғона, Нурафшон, Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Термиз, Навоий, Бухоро, Қоровулбозор, Қарши, Ғузор, Хива, Нукус ва Тошкент шаҳарларининг аҳолисини бирлаштирди.
Пойтахтда ушбу спорт тадбири шаҳарнинг маркази — Humo Arena спорт мажмуасининг майдонида бўлиб ўтди, унда 8 мингга яқин иштирокчи 3 ва 10 км масофаларга югуриш бўйича беллашиш учун йиғилди. Бошқа шаҳарларда Yangi Nafas югуриш мусобақаси умумий 3 км масофада ташкил этилди.
Мусобақанинг очилишида Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукханов қутлов нутқи билан сўзга чиқдилар.
«Давлат байроғи қабул қилинган кунни нишонлаш — бу биз нафақат муҳим давлат санасига ҳурмат билдирадиган кун, балки мамлакатимиз ва юртдошларимиз томонидан жорий йилда эришилган муайян натижалар ва ютуқларга назар ташлаш имкониятидир. Бугунги кунда профессионал спорт жадал суратларда ривожланиб бораётгани спортчиларимизнинг йирик халқаро мусобақаларда, шу жумладан, 2022 йилда Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида эришган юксак натижаларидан далолатдир. Спорт марафонлари, оммавий югуриш мусобақалари, ҳаваскор мусобақаларининг ташкилотчилари туфайли аҳолининг оммавий спортга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Бундай тадбирлар ёш авлодга рағбат сифатида хизмат қилиб, юртимизнинг каттаю кичик шаҳарларида фуқароларни бирдамлик, дўстлик ва ватанпарварлик ғоялари йўлида жипслаштиради», — деб таъкидлади Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси раисининг ўринбосари Андрей Абдувалиев.
Ўзбекистон қуролли кучлари академиясининг курсантлари иштирокида оммавий югуриш мусобақасининг старт ва финиш майдонига давлат байроғининг тантанали равишда кўтариб олиб чиқилиши умумхалқ байрамига ўзгача руҳ бахш этди. Бошқа шаҳарларда ҳам байроқлар билан турли юришлар ва мавзуга доир флешмоблар ташкил этилди. Тадбирнинг Sport TV телеканалида вилоятлар ва Қорақалпоғистондан узатишлар орқали жонли эфири ташкил этилди.
1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон миллий байроғининг мақоми белгиланди ва жаҳон харитасида янги мустақил давлат рамзи сифатида мустаҳкамланди. Бугунги кунда мустақил Ўзбекистон байроғи остида илм-фан, ахборот технологиялари, маданият, санъат, катта ва оммавий спорт каби турли жабҳаларда юксак марраларни қўлга киритаётган, ҳамда мамлакатнинг тараққиёти ва фаровонлигига салмоқли ҳисса қўшаётган бутун бир авлод вояга етди.
Мустақил Ўзбекистоннинг шундай вакилларидан бири 10 000 м ва ярим марафон масофасида Ўзбекистоннинг иккита миллий рекордининг муаллифи Ситора Ҳамидовадир. У Термиздаги Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақасига қўшилди.
«Бундан бир ҳафта олдин минтақамизнинг энг кучли спортчилари ўртасида Дубайда бўлиб ўтган биринчи Осиё ярим марафонида қатнашиш шарафига муяссар бўлдим ва у ерда иккинчи ўринни эгаллаб, юртим байроғини ҳаяжон билан баланд кўтардим. Бугун эса мен учун ушбу муҳим байрам — байроқ кунини ўз она шаҳримда, оилам ва дўстларим даврасида байрамона спорт муҳитида баҳам кўрмоқдаман. Мамлакатим менга ҳаётий фаолиятим — енгил атлетикага йўлни очди ва минглаб бошқа ёш ва истеъдодли ёшларга йўл очмоқда», — деди спортчи.
Таъкидлаш жоизки, кенг кўламли спорт тадбирини ташкил этиш учун Ўзбекистон бўйлаб 450 дан ортиқ волонтёрлар жалб этилган. Ташкилотчилар томонидан ҳакамлар ва мураббийлар учун ўқув машғулотлари ўтказилди, Қарши, Наманган ва Нукус шаҳарларида матбуот анжуманлари ташкил этилди. Ёш авлод тарбияси Yangi Nafas ҳаракатининг муҳим йўналишидир. Байрамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги кўмагида Ўзбекистоннинг 211 та олий таълим муассасаларидан 50 мингдан ортиқ талаба фаол иштирок этди.
Байроқ кунини нишонлашга қўшни давлатлардан ҳам югурувчилар қўшилди. Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг ташаббуси билан 2023 йилда Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақаси халқаро мақомга эга бўлди ва World Athletics енгил атлетика федерациялари Халқаро ассоциациясининг амалдаги қоидаларига мувофиқ ўтказилмоқда. Бунинг натижасида спорт мусобақасига Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан спортчилар ва югуриш клублари аъзолари таклиф қилинмоқда.
Тошкентда 3 км масофада ғолибликни аёллар орасида Анастасия Силченкова, эркаклар орасида Хасан Мирсоатов қўлга киритди. 10 км масофага югуришда эса — Марина Хмелевская ва Нодирбек Муталипов ғалабага эришди.
Қуйидаги ташкилотлар ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақасининг ташкилотчилари бўлишди:
- олий таълим,фан ва инновациялар вазирлиги;
- соғлиқни сақлаш вазирлиги;
- Асака банк АТБ;
- ички ишлар вазирлиги;
- фавқулодда вазиятлар вазирлиги;
- мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги;
- ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги;
- «Ўзбекнефтгаз» АЖ;
- Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси.
Реклама ҳуқуқлари асосида.