Соғлиқни сақлаш вазирлиги тармоқларда тарқалган, Тошкент вилояти Янгийўл ҳудудида ҳомиладор аёл шифохонада вафот этгани айтилган видеомурожаат юзасидан муносабат билдирди.

Видеолавҳада вафот этган аёлнинг турмуш ўртоғи тиббиёт ходимлари устидан шикоят қилиб, аёлига етарлича эътибор берилмагани, ҳеч бўлмаса, ҳомилани сақлаб қолиш имкони бўла туриб (ҳомила туғилмай нобуд бўлган), зарурий ишлар қилинмаганини айтган ва тегишли чора кўрилишини сўраган.

ССВнинг маълум қилишича, 1997 йилда туғилган ҳомиладор аёл М.Қ. Янгийўл шаҳридаги туғуруқ муассасасига шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси йўлланмаси билан мурожаат йўллаган. У 14 ноябрь куни ҳомиладорлик-2, 31−32 ҳафта, муддатидан аввалги туғуруқ хавфи ташхиси билан қабул қилинган.

Марказда бемор зарур текширувлардан ўтказилиб, даво чоралари олиб борилган. Ўша куни кечқурун аёлда кўнгил айниши ва қайт қилиш кузатилган.

«Бемор бу ҳолатни сомса ва салат ейиши билан боғлаган. Инфекционист ва хирург кўриклари ташкил этилиб, ошқозон-ичак фаолияти бузилиши қайд қилинган. УТТ текширувида бачадон нормотонусда, жигар ва ўт пуфаги фаолияти нормал экани ташхисланган. Шундан сўнг ҳомиладор аёл ундан хабар олгани келган турмуш ўртоғи билан учрашган. Палатага қайтгандан сўнг кутилмаганда аёлнинг аҳволи оғирлашиб, ҳушидан кетган. Кўрсатилган реанимацион шошилинч тиббий ёрдам чораларига қарамай, беморда биологик ўлим ҳолати юз берган», — дейилади вазирлик хабарида.

Суд тиббиёт экспертизаси дастлабки хулосасига кўра, аёлда ҳомиладорликка алоқадор бўлмаган нейрофиброматоз хасталиги асоратлари оқибатида талоқ артериясининг, ичак тутқич томирларнинг спонтан ёрилиши тўсатдан ўлим ҳолатига олиб келган.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар суриштирув олиб бормоқда.