Британиянинг The Guardian нашри, Стокголм атроф-муҳит институти, Oxfam хайрия ташкилотлари халқаро ассоциацияси ва алоҳида экспертлар глобал иқлим тенгсизлиги бўйича тадқиқотни эълон қилди.

«Ўта бойлар сайёрани талон-тарож қилишмоқда ва уни вайрон қилиш даражасига қадар ифлослантирмоқда. Энг катта бадални эса энг кам таъминланганлар тўламоқда», дейди Чиара Лигуори, Oxfam`нинг иқлим сиёсати бўйича катта маслаҳатчиси. Иқлим ва тенгсизлик инқирозлари «бир-бирини тўлдиради», дейди у.

Ҳисоботнинг асосий хулосалари:

  • Дунё аҳолисининг энг бадавлат 1 фоизи ёки 77 миллион кишига (миллиардерлар, миллионерлар ва йилига 140 000 АҚШ долларидан кўпроқ пул ишлатадиганлар) 2019 йилда умумий чиқарилган карбонат ангидрид (CО2) чиқиндиларининг 16 фоизидан ортиғи тўғри келган. Аҳолининг энг камбағал 66 фоизи камроқ эмиссия ажратган.
  • 2019 йилда энг бой одамларнинг умумий қолдирган углерод изи 5,9 миллиард тонна карбонат ангидридни ташкил этди.
  • Углеродли ўлим формуласига кўра, дунё бўйлаб ҳар бир миллион тонна углерод гази 226 киши ўлимига олиб келади. Аҳолининг бор-йўғи 1 фоизидан чиқадиган газ чиқиндилари ҳаддан ташқари иссиқлик ва бошқа иқлим таъсири сабаб кейинги ўн йилликларда 1,3 миллион одамни ўлдириш учун етарли бўлади.
  • Суперяхталар ва хусусий самолётлар қолдирган 0,1 фоиз углерод изи миқдори сайёрадаги ҳароратни Париж келишувида белгиланган саноатгача бўлган давр даражасига тушириш учун камайтирилиши керак бўлган кўрсаткичдан 77 бараварга юқори.
  • 2019 йилда юқори даромадли мамлакатлар карбонат ангидрид эмиссиясининг 40 фоизини, паст даромадли мамлакатлар эса атиги 0,4 фоизини ташкил қилган. Сайёрадаги деярли ҳар олти кишидан бири истиқомат қилувчи Африка атмосферага чиқиндиларнинг атиги 4 фоизини чиқаради.
  • Агар энг бой 1 фоиз аҳолининг даромадига 60 фоизлик солиқ солинса, Oxfam маълумотларига кўра, йилига 6,4 триллион доллар фойда келтиради ва карбонат ангидрид эмиссиясини 695 миллион тоннага камайтиради.

Углерод изи — бу жисмоний шахс, ташкилот, ҳодиса ёки маҳсулот томонидан тўғридан-тўғри ва билвосита ишлаб чиқарилган барча иссиқхона газлари чиқиндиларининг йиғиндисидир.