Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда ерлардан самарасиз фойдаланаётган ҳокимларни танқид қилди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, охирги беш йилда қишлоқ хўжалигидан 42,5 минг гектар қисқартирилиб, аҳоли пунктлари ва саноат ерлари тоифасига ўтказилди. Лекин вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари улардан самарали фойдалана олмаяпти, деди президент.

Жумладан, 100 та тумандаги тоифаси ўзгартирилган 17,5 минг гектар ер майдони на тадбиркорларга берилган, на кимошди савдосига қўйилган. Президент вилоят ҳокимларини бу ерлар йил охиригача аукционга қўйилмаса, қишлоқ хўжалиги тоифасига қайтарилиши ҳақида огоҳлантирди.

Шунингдек, тоифаси ўзгариб, тадбиркорларга ажратилган 19 минг 300 гектар ердан 5 минг 400 гектари бўш турибди. Саноат зоналарида ҳам лойиҳа жойлаштирилмаган ерлар бор. Аксинча, тайёр инфратузилмаси бўлган саноат ерларидан бошқа мақсадда фойдаланиш кўп учрамоқда, дейилади хабарда.

Тоифаси ўзгарган ерлар эвазига шу йилнинг охиригача 15 минг гектар янги ерлар ўзлаштирилиши керак эди. Бироқ 8 минг гектар ерлар ҳалигача ўзлаштирилмаган.

Президент йил якунигача янги ерларни ўзлаштириш ваъдасини бажармаган ҳокимлар жаримага тортилиши, уларнинг ер тоифасини ўзгартириш бўйича таклифлари умуман қабул қилинмаслигини таъкидлади.

Кадастр агентлигига 2024 йил 1 мартга қадар барча саноат ерларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, вилоят ҳокимларига эса 2021 йилгача ажратилиб, қурилиш бошланмаган 7 минг гектар ерни захирага қайтариш топширилди.

Бош прокуратурага бу борадаги жазонинг қонунийлиги ва муқаррарлигини таъминлаш топширилди.

2021 йил охирида президент кадастр муаммоларининг марказида «пора ва коррупция» турганини айтганди.