Жасур Шуҳратович Пўлатов Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг директори вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

У мазкур лавозимда 2022 йилнинг декабридан буён ишлаб келаётган Шукуржон Гаиповнинг ўрнини эгаллади.

Жасур Пўлатов Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетини тамомлаган. Ўз фаолиятини авиация соҳасида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКда ҳаво ташувларини ташкил этиш агенти сифатида бошлаган ва мазкур лавозимда 2019 йилгача ишлаб келган.

Шундан сўнг меҳнат фаолиятини Транспорт вазирлигида давом эттириб, сўнгги йилларда аэропортларни ривожлантириш ва ерусти таъминоти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

У 2023 йилда Uzbekistan Airports компаниясига таклиф қилиниб, бошқарув раисининг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаган. Тайинловга қадар Бухоро аэропорти директори вазифасини вақтинчалик бажарувчи бўлиб ишлаган.