Фарғона вилояти Олтиариқ туманида минг гектар майдондаги узумзорнинг катта қисми ўтган ёз фаслида сув берилмаслиги оқибатида қуриб қолди, деб ёзмоқда Kun.uz.

Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг май ойида 560 гектарлик токзор ва 300 гектарлик интенсив боғ плантациясини бориб кўрган. Ўшанда таъкидланганидек, адирликда токзор яратиш учун 102 миллиард сўм, жумладан, «Агробанк» кредити сифатида 73 миллиард сўм, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 18 миллиард сўм, Жаҳон банки гранти сифатида 1 миллион доллар маблағ жалб қилинган. Ерлар ёш оилаларга 20−25 сотихдан, 3 йиллик имтиёз билан 7 йилга, 14 фоизли кредит асосида тақсимлаб берилган.

Бу ҳудуддан ер олган аҳоли нашрга сув муаммоси, кўчатлар қуриб қолаётгани ҳақида мурожаат қилган. Нашр журналисти кўп ҳудудларда кўчатлар экилмагани, борида ҳам қуриб ётганини кўрган.

олтиариқ тумани, токзор, узумзор

«Боғ учун ажратилган ердан олган эдик. Бошида мақташган эди, узум яхши бўлади, сув узилмайди дейишганди. Аммо камчиликлар етарли бўлди. Энг аввало, сув муаммо бўляпти, кўчатлар қуриб кетяпти. Шартномада кўрсатилгандек шароит йўқ, лекин ҳар ой тўловларини тўлаб турибмиз. Маблағимизга куйиб қоляпмиз», — деди фуқаролардан бири.

«Айтганимдек, асосий муаммо сувда бўляпти. Насослар ҳам жуда кўп бузилади. Сув сўрасак, насос бузилган, дейди. Ўзим олган жой қуруқ ер эди, узум экиб берамиз дейишган, аммо ҳалиям ток кўчатидан дарак йўқ. Шартномада кўрсатилганидек ток кўчати экиб беришмади ҳатто. Ўзим ёнимдан эккан кўчатлар сувсизликдан қуриб ётибди. Умуман талаб даражасида эмас. Таъминотчилар яхши ишламайди. Йўл бўйидаги кўзга кўринадиган жойлар яхши бўлиб турибди шунчаки, лекин кўздан пана жойларда аҳвол ёмон», — дея қўшимча қилди у.

«Қуруқ ер учун банкка кредит тўлаб ётибмиз»

Нашрнинг яна бир суҳбатдоши ҳам худди шу ҳолатни айтиб, бир лот ер учун ойига 350 минг сўм тўлашини, уч йиллик имтиёзли муддат тугаганидан кейин эса 700 минг сўм тўлаши кераклигини таъкидлаган.

олтиариқ тумани, токзор, узумзор

Яна бир фуқаро 20 сотих ер олгани, лекин таъминотда камчилик кўплигини, хусусан, симлар яхши тортилмаганини айтди. Сувга навбати келмаётганини таъкидлади.

олтиариқ тумани, токзор, узумзор
Ҳомиджон Аминжонов

Ток кўчати экиб беришга масъул бўлган Ҳомиджон Аминжонов мурожаатчилардан фарқли ўлароқ кўчатлар қуриб кетишида томорқа эгаларини айблади. Унинг сўзларига кўра, адирликда ҳақиқатан ҳам ток кўчати экилмаган жойлар ҳам борлиги, бунга сабаб сувдан муаммо бўлгани, баъзилар ток эмас, бошқа кўчат экаман дегани учун кўчат пулини ҳам қайтариб берганини таъкидлади.

олтиариқ тумани, токзор, узумзор
Акмалиддин Муллажонов.

Олтиариқ тумани фермер хўжаликлари кенгаши раҳбари Акмалиддин Муллажонов «кўчатларни суғориш учун 5 та сув омборида сув бор, насослар ишлаётганини» айтди.

«4 та кооперация ташкил қилинган. Уларнинг вазифаси ўзларига ажратилган лотлардаги муаммоларни ҳал қилиш, яъни токида, сувида муаммо бўлса. График асосида ҳар бир лотга 3 кунда бир марта 3−4 соатдан сув берилади. Лекин ишлаб даромад қиламан деган кишилар яхши ҳосил олишяпти. Қўшимча экинлар экишяпти ток ораларига. Ерни эътиборсиз қолдирган деҳқонларнинггина токи қуриб кетган», — деди у.

олтиариқ тумани, токзор, узумзор

«Кўчатлар экиляпти. Кўчат бўйича кооперация бор, улар кам жойларни тўлдиришяпти, қуриб қолган кўчатлар ўрнини ҳам экиб беришяпти. Ҳали кўчат экилмаган жойлар яқинда олинган жойлар, эгаси бўлмаган уларнинг. Уларга ноябр ойидан кўчат экилади. Баъзи жойларда сув олишда жой эгалари бошқа томоннинг сув қувурини узиб қўйиб, қайта уламаяпти, шунинг учун бошқа лотга сув ўтмай қолаётган ҳолатлар бўлди. Лекин ҳозир сув бўйича ҳам кооперация ташкил қилинган, улар ўзлари назорат қиляпти. 90 фоиз атрофида узумлар кўклаб турибди», — деди у.

Фермерлар кенгаши раиси токларнинг қуриб қолишида томорқа эгаларини айблаган бўлса, мурожаатчилар ўтган ёз ойларида ўзларига ажратиб берилган ерга умуман сув берилмагани, бунинг натижасида эса узум кўчатлари қуриб битганини айтишди.