Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида «Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотларга кўра, республикада суғориладиган ерларининг қарийб 53 фоизи турли даражада шўрлангани, 69 фоизга яқин тупроқ устки қатламида гумус миқдори бор-йўғи 0,5−1 фоизни ташкил этгани, 600 минг гектар яйлов ерлари турли даражада деградацияга учраганини кўрсатмоқда.

Қонунда:

  • Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш доир асосий тушунчаларнинг мазмун-моҳияти очиб берилмоқда, қолаверса соҳанинг асосий принциплари мустаҳкамланмоқда;
  • ер фондининг барча тоифаларидаги тупроқнинг унумдор ва тупроқ ҳосил қилувчи қатламлари тупроқни муҳофаза қилиш объекти этиб белгиланмоқда;
  • тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тадбирлари доираси кўрсатилмоқда;
  • шаҳарсозлик фаолиятини ёки қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа ишларни амалга ошириш чоғида тупроқни муҳофаза қилишга ва ундан оқилона фойдаланишга доир талаблар мустаҳкамланмоқда;
  • Вазирлар Маҳкамаси, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги ва Табиат ресурслари вазирликлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги ваколатлари аниқ кўрсатилмоқда;
  • тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги давлат назорати, ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг ва ер участкалари ижарачиларининг тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда;
  • тупроқнинг унумдор қатламини сақлаш ва ерларни рекультивация қилиш, тупроқнинг ҳолати ва сифатини баҳолаш нормалари, тупроқни ўрганиш, тупроқ хариталари, тупроққа оид маълумотлар фонди, тупроқ мониторинги, шунингдек, тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги илмий тадқиқотларга доир масалалар очиб берилмоқда.

Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахслар томонидан тупроққа етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи белгиланмоқда.

Шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, шунингдек, қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олинмагани ва сақланмагани факти аниқланган тақдирда, етказилган зарарнинг ўрни қопланиши мустаҳкамланмоқда.

Сенаторлар ушбу қонуннинг қабул қилиниши натижасида суғориладиган тупроқлар унумдорлигининг пасайиш жараёнларига барҳам берилиши ҳамда тупроқ унумдорлигини тиклаш ҳисобига маҳсулот етиштириш ҳажмининг ортиши ва тоза тупроқда сифатли ҳамда хавфсиз маҳсулот етиштириш имконияти кенгайишини таъкидладилар.

«Мамлакатимизда бу муаммо долзарб бўлиб бормоқда. Юқорида ҳамкасбларимиз ҳам таъкидлаб ўтдилар: охирги ўттиз йилда тупроқ унумдорлигида фақат пасайиш кузатилмоқда (1991 йил — 58 балл, 2001 йил — 55 балл, 2011 йил — 53,9 балл, 2021 йил — 53,7 балл). Суғориладиган ерларимизнинг ярмидан кўпи — 53 фоизи шўрланган. Оқибатда кейинги йилларда ҳудудларимизда қурғоқчилик, қум ва чанг бўронлари (ҳатто пойтахтда ҳам) тез-тез кузатилмоқда. Бу ҳол ҳосилдорликка, биологик хилма-хилликка ва энг муҳими аҳоли саломатлигига салбий таъсир қилмоқда», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

«Шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур қонун мамлакатимизда тупроқ муҳофазаси ва унинг унумдорлигини оширишда мустаҳакам ҳуқуқий пойдевор вазифасини бажаради», — деди у.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.