Душанба куни эрталаб Урганч шаҳри ҳавоси «гўё булут қоплаб олгандек» жуда нам эди. Нукуслик фотограф Азамат Маткаримов 4 декабрь куни Хоразмдаги туманни шундай тасвирлади. Кўриш масофаси 80 метргача етди, деб хабар қилди «Ўзгидромет» матбуот хизмати «Газета.uz»га.
Ўзбекистонда туманлар асосан йилнинг совуқ даврида — ноябрдан апрелгача кузатилади. Декабрь ва январь ойларида туман тушиши кўп рўй беради.
Урганчда ноябрдан мартгача туман кузатилади. Кўп йиллик кузатувларга кўра, декабрда ўртача 4 кун, январда 5 кун туманли ўтади. Баъзи йилларда бу ойларда туманли кунлар сони 6−12 кунга етади.
Туман кўпинча совуқ ҳавонинг илиқ тупроққа тушганида ва аксинча ҳолларда пайдо бўлади. 3−4 декабрь кунлари айнан шундай ҳолат Урганчда кузатилди: ноябрь ойи охирида рўй берган кескин совуқдан сўнг Ўзбекистон ҳудудига илиқ ҳаво кириб кела бошлади.
Кеча Uzbekistan Airports матбуот хизмати Урганч аэропортидан Тошкентга учадиган рейслар об-ҳаво туфайли кечиктирилганини маълум қилди. Бироқ соат 10:00 га келиб, туман тарқалди ва иккала самолёт ҳам пойтахтга йўл олди.
Пешин вақтида ҳаво ҳарорати 10 даражадан юқорилаб, қуёш чиқди.