Ўзбекистонлик шахматчилар 12−22 декабрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида ўтказилган шахматнинг классик, тезкор (рапид) ва блиц йўналишлари бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида қатор медалларни қўлга киритди.
Мусобақалар турли ёш тоифаларида — U-8 дан U-18 гача бўлган ўғил-қизлар ўртасида ўтказилмоқда.
Классик турнир ҳали ҳам давом этмоқда, аммо рапид ва блиц бўйича медаллар аллақачон қўлга киритилди. Ушбу йўналишларда ўйлаш учун классикага қараганда камроқ вақт берилади — ҳар бир ҳаракатдан кейин 10 сония қўшилиши билан иккала ўйинчи учун тезкор 15 дақиқа бўлса, блицда — икки сония қўшилган ҳолда 3 дақиқа.
Блиц бўйича 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги баҳсларда ўзбекистонлик Умида Омонова биринчи ўринни эгаллади. У тўққиз раунднинг саккизтасида ғалаба қозониб, атиги биттасида дуранг қайд этди ва 8,5 очко тўплади. Тезкор мусобақада у иккинчи ва учинчи ўринларни бўлишиб, қўшимча кўрсаткичлар бўйича учинчи бўлди. Дастлабки икки ўринни Ҳиндистон ва Индонезия вакиллари эгаллади.
18 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасидаги беллашувда Даврон Шарипов блиц бўйича турнир ғолиби билан бир хил очко (7) жамғариб, иккинчи ўринни эгаллади.
8 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги блиц бўйича баҳсларда Хуснорахон Хуснитдинова бронза медалини қўлга киритди.