Россиялик шахматчи Анастасия Боднарук 26−28 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида рапид (тезкор шахмат) бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида ғолиб бўлди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.
Анастасия Боднарук ва Хампи Конеру. Фото: Ҳусниддин Ато / PressPhotoUz
Якуний 11-тур натижаларига кўра, Боднарук, шунингдек, Хампи Конеру (Ҳиндистон) ва Лэй Тинцзе (Хитой) 8,5 очко жамғариб, турнир жадвали юқорисида жойлашди. Қўшимча кўрсаткичларга кўра, Боднарук ва Конеру биринчи ўрин учун тай-брейк ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди, хитойлик шахматчи эса бронза медали билан чекланди.
Тай-брейк баҳсларида Россия вакиласи рақибини 2,5−1,5 ҳисобида мағлуб этди.
Рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионатида россиялик спортчилар Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE) байроғи остида қатнашмоқда.
Ўзбекистон вакилалари орасида энг яхши натижани яқинда 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан Афруза Ҳамдамова кўрсатди. У 6,5 очко жамғариб, 117 нафар шахматчи орасида 34-ўринни эгаллади.
Умида Омонова 5,5 балл билан 57-ўринни эгаллади. Ўзбекистонлик бошқа 11 нафар спортчи эса турнир жадвалининг қуйи қисмида жойлашган.
Рапид чемпионатининг очиқ турнирида норвегиялик Магнус Карлсен чемпионлик унвонини сақлаб қолди.
29−30 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида блиц бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.