Норвегиялик шахматчи Магнус Карлсен еттинчи бор блиц бўйича жаҳон чемпиони бўлди. Турнир 29−30 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.
21 та тур якунида Карлсен 16 очко жамғарди. Иккинчи ўринни россиялик Даниил Дубов (15,5 очко), учинчи ўринни унинг ҳамюрти Владислав Артемьев (15) эгаллади.
33 ёшли норвегиялик спортчи 2009, 2014, 2017, 2018, 2019 ва 2022 йилларда блиц бўйича жаҳон чемпиони бўлганди. Замонамизнинг энг кучли шахматчиси кетма-кет иккинчи йил рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионатида «олтин дубль»га эришди.
Турнир давомида Даниил Дубов ҳамюрти Ян Непомняший билан жанжаллашиб қолди. Улар 11-тур ўйинини атиги 12 та ҳаракатдан сўнг дуранг билан якунлади. Турнир бош ҳаками ўйин натижасини олдиндан келишилган деб ҳисоблади, натижада иккаласига 0,5 эмас, 0 балл берилди.
Ўзбекистон вакилларидан эса Шамсиддин Воҳидов 12,5 очко билан 29-ўрин билан энг яхши натижа кўрсатди. 40-ўринни эгаллаган Нодирбек Ёқуббоев ҳам шунча очкога эга бўлди. Жавоҳир Синдаров 12 очко билан 49-ўринда, сўнгги олти турда 4 та мағлубият аламини тотган Нодирбек Абдусатторов 60-ўринга (11,5 очко) жойлашди.
Блиц бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида россиялик 34 ёшли Валентина Гунина 17 турда 14 очко жамғариб, ғолибликни қўлга киритди. Швейцария шарафини ҳимоя қилган россиялик Александра Костенюк иккинчи ўринни эгаллади. Хитойлик Чжу Цзиньэр учинчи ўринни олди.
Ўзбекистон вакиллари ўртасида энг яхши натижани 17 ёшли Умида Омонова кўрсатиб (9,5 очко), 118 нафар шахматчи орасида 34-ўринни эгаллади. 14 ёшли Афруза Ҳамдамова 72-ўринни эгаллади (8 балл).
Эслатиб ўтамиз, 26−28 декабрь кунлари Самарқандда рапид бўйича, 29−30 декабрь кунлари эса блиц бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.