Интернетда Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимлари, жумладан, ўқитувчи ва шифокорларнинг иш ҳақи тўланиши кечикаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
3 январь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (ИМВ) бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича тизим — UzASBO`га ўтишда айрим муаммо ва узилишлар кузатилаётгани тўғрисида хабар берди.
Вазирлик орадан икки кун ўтиб тизимдаги муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилаётганини маълум қилди. Қайд этилишича, UzASBO-2 тизими бюджет ташкилотларининг декабрь ойи II ярми учун 35 фоиз иш ҳақларини молиялаштирди.
«Мутахассислар томонидан мониторинг олиб борилмоқда ва иш ҳақини 5 иш кунида (11 январгача — таҳр.) молиялаштириб бериш юзасидан зарурий чоралар кўрилмоқда», — дейилади хабарда.
Янги тизимга ўтишдан аввал ИМВ томонидан декабрь ойида вазирлик ва идораларнинг бухгалтерлари ҳамда масъул ходимлари иштирокида семинар-тренинглар ўтказилган.