1 январь куни Япония ғарбида содир бўлган 7,6 магнитудали зилзила оқибатида қурбон бўлган ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ, деб хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

«Ўзбекистон дипломатлари Япониянинг тегишли идоралари билан доимий алоқада бўлиб турибди», — дейилади хабарда.

Kyodo маълумотларига кўра, зилзила қурбонлари сони 200 кишидан ошди. Энг кўп қурбонлар Сузу ва Важима шаҳарларида қайд этилган — мос равишда 91 ва 81 киши. Яна 565 киши жароҳатланган, бедарак йўқолганлар сони 102 тага етган.

Эвакуация марказларида 28 минг киши яшашда давом этмоқда. Камида 3300 нафар маҳаллий аҳоли бузилган йўллар туфайли ёрдамдан узилиб қолган.

1300 дан ортиқ уй қисман ёки тўлиқ вайрон бўлган. 66 мингга яқин уй сув таъъминотидан узилган, яна 23 мингтаси эса электр энергиясидан маҳрум.