30 январь куни Қатарда ўтаётган футбол бўйича Осиё чемпионатининг нимчорак финалида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Таиландга қарши учрашувда 2:1 ҳисобни қайд этиб, чорак финалга чиқди.
Ўйин «Аль-Жануб» стадионида бўлиб, уни малайзиялик Муҳаммад Назми бин Насаруддин бош ҳакам сифатида бошқарди. Учрашув давомида ҳавфли вазиятлар кўп бўлди, 37-дақиқада Диёр Холматов узатган тўпни Азиз Турғунбоев дарвозага киритиб, ҳисобни очди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 58-дақиқасида захирадан ўйинга тушган таиландлик Сарачат Супачок ҳисобни тенглаштирди — 1:1. Орадан 7 дақиқа ўтиб, Аббосбек Файзуллаев рақиб дарвозасига гол киритди ва Ўзбекистон жамоасини 2:1 ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ўйиннинг асосий қисмида бошқа аниқ ўзгариш бўлмади. Бош ҳакам 7 дақиқа қўшимча вақт берди. Якунда миллий терма жамоа 2:1 натижа билан Таиланд футболчилари устидан ғалаба қозонди.
Энди Ўзбекистон терма жамоаси чорак финал ўйинини 3 февраль куни мусобақа мезбони — Қатар терма жамоасига қарши ўтказади (Қатар ¼ финалга Фаластинни 2:1 ҳисобида енгиб, чиқди).
Миллий терма жамоа гуруҳ босқичини мағлубиятсиз якунлаганди — Ҳиндистон устидан ғалаба, Сурия ва Австралия билан дуранг.