Тошкент метрополитени ерости метро бекатларида ўрнатилган эскалаторларнинг ўз хизмат муддатини ўтаб бўлганларини босқичма-босқич равишда янгиларига алмаштиришни бошлади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу режавий ишларнинг биринчи босқичида «Халқлар дўстлиги» метро бекатидаги эскалаторларни замонавий турдагисига алмаштириш ишлари олиб борилади.

Шу боисдан, «Халқлар дўстлиги» метро бекатининг Tashkent city мажмуасига олиб чиқувчи вестибюли 10 февралдан 20 мартгача ёпиқ бўлади. Шунингдек, йўловчилар учун бекатнинг биринчи вестибюли («Халқлар дўстлиги» саройига олиб чиқувчи томон) одатий режимда иш фаолиятини олиб боради.