IQAir халқаро портали маълумотларига кўра, сўнгги бир ой ичида Тошкентдаги ҳаво сифати датчиклари сони икки баравардан кўпроққа кўпайди.

Ҳаво ифлосланиши масаласи миллий даражага етгани сабабли кўп компания ва ташкилотлар датчикларни сотиб олиш ва ўрнатишни бошлади. Аввалроқ Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги пойтахт ва вилоятларда камида 1000 та датчик ўрнатиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берганди.

Янги датчиклар «Газета.uz»дан ташқари БМТТД, IMPACT.T, korzinka.uz, Safia ва бошқалар томонидан ўрнатилди. Илгари IQAir Ўзгидромет, АҚШ элчихонаси, Тошкентдаги Британия мактаби ва бошқа ташкилотларнинг датчиклари маълумотларини тақдим этган. Бир қатор компаниялар, жумладан, «Газета.uz» қўшимча датчиклар харид қилишни режалаштирмоқда.

Ўтган ҳафта охирида Uzum ва «Капиталбанк» датчикларнинг энг йирик (ҳозирги кунгача) тармоғи яратилиши ҳақида эълон берди. Йил охирига қадар компаниялар барча ҳудудларда Uzum Market буюртмаларини етказиб бериш пунктлари ва «Капиталбанк» филиалларига жами 50 та датчик ўрнатишни мақсад қилмоқда.

Uzum бош директори Жасур Жумаевнинг сўзларига қараганда, бутун мамлакат бўйлаб инфратузилмага эга компания учун бу ижтимоий масъулият масаласи ҳамдир. Uzum ўзининг асосий фаолияти билан бир қаторда ижтимоий лойиҳаларни амалга оширади, жумладан, болалар учун ONA фондига хайрия ёрдами кўрсатади.