Ўзбекистонлик боксчилар «кичик жаҳон чемпионати» — «Странжа» турнирини қаторасига тўртинчи йил биринчи ўринда якунлади, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Болгариянинг София шаҳрида бокс бўйича 75-анъанавий «Странжа» турнири ўз якунига етди. Бу галги баҳсларда дунёнинг 28 мамлакатидан 261 нафар чарм қўлқоп усталари ўз маҳоратларини намойиш қилди.
Раҳматжон Рўзиоҳунов мураббийлигида қатнашган ўзбекистонлик боксчилар 5 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритди. Шунингдек, қизлардан Сабина Бобоқулова -50 кг вазн тоифасида олтин, Ҳамробону Мамажонова эса -57 кг вазнда бронза медалига сазовор бўлди. Шу тариқа Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоасининг жамғарган жами медаллари 6 та олтин, 2 та кумуш ва 6 та бронзани ташкил этди.
Ғолиб ва совриндорлар:
Олтин медаль:
-50 кг: Сабина Бобоқулова
-54 кг: Хўжаназар Нортожиев
-60 кг: Абдумалик Халоков
-71 кг: Иқболжон Холдоров
-75 кг: Жавоҳир Умматалиев
+92 кг: Жаҳонгир Зокиров
Кумуш медаль:
-54 кг: Шаҳзод Музаффаров
-63,5 кг: Адҳамжон Муҳиддинов
Бронза медаль:
-57 кг: Ҳамробону Мамажонова
-51 кг: Асилбек Жалилов
-54 кг: Ҳасанбой Дўсматов
-60 кг: Дилшод Абдумуродов
-75 кг: Фазлиддин Эркинбоев
-86 кг: Самандар Жалолов.
Эслатиб ўтамиз, бокс терма жамоаси 2023 йилда ҳам турнирнинг мутлақ чемпиони бўлган. 2022 йилда ҳам мазкур турнир ўзбекистонликлар учун омадли келиб, спортчилар 6 та олтин ва 1 та бронза олиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаганди.