Давлат хавфсизлик хизмати 4 та ҳудудда ўтказилган тезкор тадбирларда ўз ваколатидан фойдаланиб, жиноят содир этишда гумоналанётган судья, бош ҳисобчи, бош инспектор ва бош муҳандис ўринбосарини ушлаганини маълум қилди.

Унга кўра, Сирдарё вилоятида Миллий гвардия қўриқлаш бошқармаси хизматни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўлими бош инспектори Боёвут туманида яшовчи фуқарони бошқармага ишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг доллар талаб қилган. Аввалроқ 1500 доллар олган бош инспектор қолган 1500 долларни олган вақтида ушланган.

Қашқадарёда эса «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонасининг бош муҳандиси ўринбосари пахта-тўқимачилик кластерига тегишли бўлган 21 та сув-насос қудуғини электр тармоқларига улаш учун «техник шарт» бериш эвазига 7000 доллар талаб қилгани аниқланган. У январь ойида 3000 доллар олгани ва қолган 4 мингини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди айтилади хабарда. Мансабдор муқаддам Жиноят кодексининг 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддалари (Мансаб сохтакорлиги) билан судланган.

дхх

Жиззах вилоятида «Тоза ҳудуд» ДУК бош ҳисобчиси улгуржи савдогарга нисбатан судда кўрилаётган жиноят ишини танишлари орқали унинг фойдасига ҳал қилиб бериш, яъни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиб беришни ваъда қилгани айтилмоқда. Бунинг эвазига у 15 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 5 минг доллар олган вақтида қўлга тушган. У муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган.

дхх

Навоий вилоятида кузатилган ҳолатда эса Ҳакамлик судлари ассоциациясининг вилоятдаги ваколатхонаси ҳузуридаги ҳакамлик суди судьяси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаро мурожаатини ижобий ҳал этиб беришига ишонтиргани ва бунинг эвазига 1000 доллар талаб қилгани хабар қилинди. У сўралган пуллар ҳисобидан 500 доллар ва 6 млн 250 минг сўм олган вақтида ушланди. Маълум бўлишича, фуқаро ундан Нурота туманида яшовчи фуқаронинг муқаддам бухоролик харидорларга сотган 250 бош қўйининг пуллари берилмаётгани юзасидан мурожаат қилган.

дхх

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.