Бутунжаҳон метеорология ташкилотининг (WМО) маълум қилишича, ҳароратнинг исиб кетиши билан машҳур бўлган Эль-Ниньо табиат ҳодисаси аста-секин заифлашмоқда, аммо келгуси ойларда глобал иқлимга таъсир қилишда давом этади. Олимларнинг прогноз қилишича, бу деярли барча қуруқлик ҳудудларида март ва май ойлари орасида ҳарорат меъёрдан юқори бўлишига сабаб бўлади.

2023−2024 йилги Эль-Ниньо «кузатувлар тарихидаги энг кучли бешталик» қаторига кирди, деб таъкидлади WМО. Ташкилот маълумотларига кўра, Эль-Ниньонинг март-май ойларида ҳам давом этиши эҳтимоли тахминан 60 фоизни ташкил қилади.

WМО ушбу ҳодиса ўртача ҳар икки-етти йилда содир бўлишини ва одатда 9 ойдан 12 ойгача давом этишини эслатди. Бу Тинч океанининг марказий ва шарқий тропик қисмида океан сатҳининг исиши билан боғлиқ бўлган табиий иқлим модели бўлиб, у дунёнинг турли ҳудудларидаги об-ҳавога таъсир қилади.

«2023 йил июнидан бошлаб ҳар ойда янги ойлик ҳарорат рекорди ўрнатилди. 2023 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиғи бўлди. Эль-Ниньо бу рекорд ҳароратларга ўз таъсирини ўтказган бўлиши мумкин, аммо асосий сабабчи, шубҳасиз, ҳароратни сақлаб турган иссиқхона газлари ҳисобланади», — деди WMO бош котиби Селеста Сауло.

Эль-Ниньо, одатда, глобал иқлимга ўз ривожланишининг иккинчи йилида энг катта таъсирни кўрсатади — ҳозирги вазиятда бу 2024 йилга тўғри келади, таъкидланади WMO хабарида.

  • 2023 йил май ойида Жаҳон метеорология ташкилоти иссиқхона газлари чиқиндилари ва Эль-Ниньо табиий ҳодисасининг ривожланиши туфайли сайёра яқин беш йил ичида жуда юқори ҳароратга дуч келишидан огоҳлантирганди.
  • 2024 йил январи кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ой бўлди. Шунингдек, ойлик ҳарорат рекорди янгиланаётган кетма-кет саккизинчи ой сифатида қайд этилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ўтган февраль ойи ҳам тарихдаги энг иссиқ бўлган.
  • Ўзгидромет маълумотларига кўра, жорий йил қишда Ўзбекистонда ўртача ҳаво ҳарорати меъёрдан 1,5−2,6 даража юқори бўлган.