Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ўртасида «Рақамли инклюзивлик» лойиҳасини амалга ошириш учун 50 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратиш бўйича келишув имзоланди, деб хабар қилди халқаро молия ташкилоти матбуот хизмати.

Вашингтонда бўлиб ўтган Жаҳон банки гуруҳи (ЖБГ) ва Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) баҳорги саммити доирасида Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров билан Ўзбекистон ҳукуматининг бозор ислоҳотларини амалга ошириш соҳасидаги саъй-ҳаракатлари ва иқлим ўзгариши таъсирига қарши чора-тадбирлар стратегиясини муҳокама қилди.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистонга рақамли иқтисодиётни шакллантириш, жумладан, IT-хизматлар соҳасида ривожланиш, инвестицияларни жалб қилиш ва янги иш ўринлари яратишга ёрдам берадиган лойиҳани молиялаштириш бўйича келишув имзолади.

Аввал хабар қилинганидек, имтиёзли кредит Ўзбекистоннинг қишлоқ ва чекка туманларидаги 9 мингга яқин ёшни, жумладан, 4,5 минг нафар аёл ва 360 нафар ногиронлиги бор шахсни ахборот технологияларига асосланган хизматлар (ITES) соҳасида иш билан таъминлашга ёрдам бериши керак.

Яна бир йўналиш — бутун мамлакат бўйлаб замонавий офис майдонларини таклиф қилувчи 11 тагача ҳудудий ITES марказлари ишга тушириш. Ушбу чора-тадбирлар ITES компанияларини Ўзбекистон ҳудудларида ўз ваколатхоналарини очишга рағбатлантиради.