Энергетика вазирлиги агар 1 майгача ҳисоб рақам тўлдириб қўйилса, электр энергияси ва табиий газ бўйича 2 ой мобайнида эски тариф амал қилишини маълум қилди.

2018 йилда ҳукумат қарори билан тасдиқланган электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларига кўра, тарифлар ўзгарган ҳолларда табиий газ ҳажми учун аванс тариқасида тўловни амалга оширган истеъмолчи икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга қўшимча тўловларни амалга оширишдан озод қилинади.

Демак, 1 майга қадар тўлов қилган ҳақдор абонентларга 2 ой муддат мобайнида эски тариф қоидалари амал қилади. Аммо бу фақат ижтимоий норма доирасидаги истеъмол ҳажмига — 100 кубометр газ ва 200 кВт/соат электр энергиясига тегишли. Агар ушбу ҳажмлар ошиб кетган бўлса, икки баравар тариф қўлланилади.

Масалан, сиз электр энергияси учун 30 апрель санасида 1 млн 100 минг сўм тўласангиз ва май ойида 1000 кВт/соат электр энергияси ёқсангиз, шахсий ҳисоб рақамингиздан 200 кВт/соат учун 59 минг сўм (295 сўмдан), 800 кВт/соат учун эса 472 минг сўм (590 сўмдан), жами 531 минг сўм ечиб олинади. Июнь ойида ҳам худди шу тартиб давом этади.

Агар сиз 1 май куни ёки ушбу санадан кейин газ ва электр энергияси учун тўловни амалга оширсангиз, янги тариф, шу жумладан, майгача ишлатилган ресурслардаги қарз учун ҳам қўлланилади.

Тарифлар қандай ўзгаради?

Эслатиб ўтамиз, 1 майдан бошлаб 1 кубометр газнинг базавий (ижтимоий меъёр доирасида) нархи 380 сўмдан 650 сўмга ёки 71 фоизга ошади. 1 кВт/соат электр энергияси нархи 295 сўмдан 450 сўмга ёки 52,5 фоизга ошади. 2025 йил 1 апрелдан газ ва электр энергияси тарифларининг янги оширилиши кутилмоқда.

«Газета.uz» оширилган тарифлар бўйича газ ва электр энергияси харажатлари қандай ўзгаришини ҳисоблаб чиққанди. Қуйида оширилган тарифлар қандай қўлланилишини тушунтирувчи инфографика мавжуд.

Яқинлаштириш учун босингЯқинлаштириш учун босинг

»газ,