22 апрель куни Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов гул кўчатлари харид қилиш билан боғлиқ харажатлар учун 7,92 миллиард сўм ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжат E-Qaror порталида эълон қилинди.

Маблағлар Ободонлаштириш бош бошқармасининг ихтисослаштирилган бошқармалари ва туман бўлимларига маҳаллий бюджет захира жамғармасидан ажратилиши режалаштирилган.

Шундан 3,2 млрд сўми Ирригация хўжалиги ва кўкаламзорлаштириш обектларини таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармасига, 1,5 млрд сўми Марказий майдонларни ободонлаштириш ихтисослаштирилган бошқармасига, 500 миллион сўми Ҳукумат объектларига хизмат кўрсатиш ихтисослаштирилган бошқармасига йўналтирилмоқда.

Қолган 2 млрд 720 млн сўм туман ободонлаштириш бўлимлари ўртасида тақсимланган.

гул экиш, гуллар, тошкент, тошкент ҳокимлиги

2023 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳри кенгаши депутатлари пойтахтда мавсумий гул экиш учун 12 миллиард сўм ажратиш тўғрисидаги қарорни маъқуллаганди.

Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматининг тушунтиришича, кенгаш тасдиқлаганидан сўнг заруриятга қараб маблағ ажратилади. Декабрь ойида кенгаш томонидан гул кўчатлари учун 5 миллиард сўм ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинганди.

«Ҳозир 5 миллиард сўм ажратилган. Шундан сўнг ушбу маблағни тақсимлаш тўғрисида ҳокимнинг қарори бўлиши керак ва шундан кейингина маблағ ажратилади. Бунда ҳоким биринчи навбатда 1 миллиард сўм, кейин эса 3 миллиард сўм ва ҳоказолар ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин», — дея изоҳ берганди Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати.