23 апрель куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Акорда`нинг қайд этишича, Тоқаев Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқига Қозоғистоннинг қатор вилоятларида содир бўлган сув тошқинлари муносабати билан кўрсатилаётган биродарлик ва ёрдам учун миннатдорлик билдирган.

Президентлар, шунингдек, Қозоғистон-Ўзбекистон стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, аввал эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Икки томонлама муносабатлар ва минтақавий даражадаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Мамлакатлар етакчилари минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг қайд этишича, Шавкат Мирзиёев қардош Қозоғистон етакчиси ва халқига ушбу мамлакат ҳудудидаги кенг миқёсли тошқинлар оқибатида инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик изҳор этди.

Бундай табиий офатлар кейинги пайтларда минтақада кузатилаётган иқлимнинг салбий ўзгаришлари оқибати экани қайд этилди. Томонлар бу борада яқин амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

Президентлар яқинда Хива шаҳрида бўлиб ўтган учрашувдаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Минтақавий аҳамиятга молик масалалар ва бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра Ўзбекистондан Қозоғистонга сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудлар аҳолиси учун инсонпарварлик ёрдами жўнатилганди.

Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида 15 та юк автомашинасидан иборат инсонпарварлик юки шакллантирилган. Инсонпарварлик ёрдамида озиқ-овқат маҳсулотлари, аёллар, болалар ва эркаклар уст-бош кийим-кечаклари, кўрпача, ёпинғич, ёстиқлар, гигиеник воситалар, махсус қурилмали чодирлар, резина қайиқ тўпламлари ва бошқа зарур маҳсулотлар ўрин олган. «Газета.uz» манбасининг хабар беришича, Қозоғистонга 10 млрд сўмлик 100 тонна юк жўнатилган.