23 апрель куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Буюк Британия ташқи ишлар вазири, Ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича давлат котиби Дэвид Кэмеронни қабул қилди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

«Суҳбатимиз самарали ва мазмунли бўлиб, барча соҳалар бўйича алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган асосий вазифаларни белгилаш имконини берди», — деди вазир.

бахтиёр саидов, буюк британия, дэвид кэмерон

Унинг сўзларига кўра, асосий эътибор иқтисодий муносабатларни жадаллаштиришга қаратилган.

«Британия томонининг ишбилармон доиралар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини қадрлаймиз», — деди Бахтиёр Саидов.

Учрашув якунлари бўйича томонлар кенг қамровли шерикчилик тўғрисидаги декларация ҳамда минтақавий ва халқаро боғлиқлик ҳамда инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумини имзолади.

бахтиёр саидов, буюк британия, дэвид кэмерон

Аввалроқ «Газета.uz» Дэвид Кэмероннинг колонкасини эълон қилганди. У Ўзбекистонга ташрифи олдидан ўз мақоласида ҳамкорликни янги даражага кўтарадиган учта устувор йўналиш ҳақида ёзган.

Кэмерон Тошкентга Марказий Осиёнинг барча бешта давлати ва Мўғулистонга расмий ташрифи доирасида келди. У аллақачон Тожикистон ва Қирғизистонда бўлиб, у ерда президентлар Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров билан учрашган.