Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги 5-мактабда ўқитувчи дарс тайёрламай келган 1-синф ўқувчиларига стул кўтартирди. Вазият юзасидан болалар омбудсмани муносабат билдирди.

Аниқланишича, 22 апрель куни мактабда 1-«А» синфга ўтилаётган инглиз тили дарсида 1999 йилда туғилган аёл ўқитувчи ўқувчилардан уйга берилган вазифаларни сўраган.

6 нафар ўғил ва 7 нафар қиз болаларини дарсга тайёргарлик кўрмасдан келгани туфайли тарбиявий чора деб синф хонасидаги ўзлари ўтирган стулларни кўтаришга мажбур қилган. Ушбу ҳолатни видеога олиб, Telegram орқали шу мактабнинг ота-оналар гуруҳига юборган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Болаларга нисбатан турли шаклдаги зўравонлик ёки зўравонликка таянган тарбия чораларини, жумладан, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш қонунан тақиқланган ва тегишли жавобгарликка асос бўлади», — дейилади омбудсман хабарида.