24 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларини аутсорсинг асосида хусусий сектор томонидан амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор «умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига хусусий сектор корхоналарини кенг жалб қилиш учун шароит яратиш ҳамда автомобиль йўллари соҳасида аутсорсинг тизимини кенг жорий этиш мақсадида» қабул қилинган.

Унга кўра, президентининг «Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 10 октябрдаги ПҚ-330-сон қарори билан тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда узунлиги 20 километргача бўлган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш белгиланган ҳамда лойиҳалар рўйхати тасдиқланган.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2024 йил 1 майдан бошлаб тажриба-синов тариқасида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш лойиҳалари бўйича эълонларни давлат харидларининг махсус ахборот портали ҳамда оммавий ахборот воситаларига, шунингдек, Автомобиль йўллари қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштиради.

Транспорт вазирлиги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш бўйича ўтказиладиган тажриба-синов натижаларига кўра ижобий кўрсаткичларга эришилган тақдирда, 2025 йил 1 декабрга қадар кейинги йиллар учун аутсорсинг асосида эксплуатация қилинадиган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини аутсорсинг асосида эксплуатация қилиш ишлари 2024 йил 1 майдан бошлаб давлат бюджетидан Автомобиль йўллари қўмитасига умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш, эксплуатация қилиш ҳамда табиий офат оқибатларини бартараф қилиш ва уларнинг олдини олиш ишларига ажратилган маблағлар доирасида асослантирилган ҳисоб-китобларга мувофиқ молиялаштирилади.

Транспорт вазирлиги Автомобиль йўллари қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда Тошкент давлат транспорт университетида йўл хўжалиги ходимлари, шу жумладан, хусусий сектор вакиллари учун «Автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш» йўналишида малака ошириш ва касбий қайта тайёрлаш дастури бўйича алоҳида ўқув курсларини ташкил этади.

Бунда автомобиль йўлларини эксплуатация қилишни ташкил этишнинг умумий тамойиллари, автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишларини ташкил этиш, автомобиль йўлларини ободонлаштириш ва жиҳозлашда энг илғор технологияларни ва замонавий усулларни танлаш, автомобиль йўллари ҳолатини мониторинг қилиш ва баҳолаш, эксплуатация қилиш харажатлари сметасини ҳисоблаш, энг мақбул технологияларни танлаш, сифат менежментини жорий қилиш бўйича ўқув модуллари инобатга олинади.

Аутсорсер давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ энг яхши таклифларнинг давлат харидлари электрон тизими орқали амалга ошириладиган танлаш (кейинги ўринларда — танлаш) ёки тендер савдолари асосида аниқланади.

Талабгорлар қуйидаги ҳолатларда танлаш ёки тендер савдоларида иштирок этишига йўл қўйилмайди:

  • йўл қурилиш-таъмирлаш йўналишида уч йилдан кам тажрибага эга бўлган ташкилотлар;
  • таъсис ҳужжатлари, молиявий қатнашиш, холдинг шаклида ва бошқа шаклларда ифодаланган бир-бири билан бевосита ташкилий-ҳуқуқий боғлиқ бўлган ташкилотлар;
  • буюртмачи раҳбар ходимларининг яқин қариндошлари таъсислигида ташкил этилган ташкилотлар;
  • харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг раҳбари ёки таъсисчиси буюртмачи ва унинг раҳбарларига нисбатан бевосита боғлиқ бўлса ёхуд улардан бирортаси ушбу ташкилотнинг таъсисчиси ёки раҳбари ҳисобланса;
  • талабгор давлат харидлари тўғрисидаги махсус ахборот порталининг инсофсиз иштирокчилари ягона реестрига киритилган бўлса;
  • шартномани бажариш учун зарур техник, молиявий, моддий, кадрлар ресурслари ҳамда бошқа ресурсларнинг мавжуд эмаслиги;
  • солиқлар, йиғимлар ҳамда кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорликнинг мавжудлиги;
  • ўзига нисбатан жорий этилган тўловга қобилиятсизлик тартиб таомилларининг мавжудлиги;
  • талабгорнинг олдинги йўл-қурилиш объектлари бўйича бажарилмай қолган мажбуриятлари бўлган тақдирда.

Автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг сифатига аутсорсер жавобгар ҳисобланади.