14−19 май кунлари ўзбекистонлик кулол Шоҳрух Раҳимовнинг грек устаси Яннис Зоис билан ҳамкорликда ишланган асари Лондондаги Cromwell Place санъат марказида ҳунармандчилик ҳафталиги доирасида намойиш этилади. Бу ҳақда Маданияти ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳунармандлар буддавий ибодат маросимларига оид ғалтаксимон шакллардан илҳомланиб тайёрланган қўшма асар — монументал тотемни тақдим этади. Тотем чинни ва африканча ёғочдан ясалган бўлиб, 22 каратлик олтин билан қопланган. Асар ислом меъморчилиги ва қадимги юнон анъаналари чорраҳасини акс эттиради ҳамда Шарқ ва Ғарб маданиятлари ўртасидаги ўхшашликни намойиш этади.

Таниқли кулоллар оиласи вакили Шоҳрух Раҳимов Португалия ва Грецияда таҳсил олиб, нуфузли Homo Faber Guide дастурига қабул қилинган.

«Ярим йил давомида Homo Faber дастурида иштирок этишдек ноёб тажриба шарофати билан биз юнон устаси Яннис Зоис билан бирга кўп меҳнат қилдик. Шу жумладан, мен илгари ишламаган чинни моддаси ва олтин каби ашёлар билан синовлар ўтказдик. Ишлаш техникаси ҳам мен ўрганган услубардан фарқ қилар эди — биз юқори ҳароратли олов билан ишладик», — деди Шоҳрух Раҳимов.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова жамғармалар ўртасидаги ҳамкорлик ўзбек ҳунармандчилиги амалиётини жаҳон маданий маконига киритишга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг апрель ойида Ўзбекистоннинг 11 нафар ҳунарманди жаҳонга машҳур Homo Faber маълумотномасига киритилганди. У Микеланжело жамғармаси томонидан яратилган онлайн платформа бўлиб, Европа ва ундан ташқарида ҳунармандчиликнинг замонавий ривожланиши билан боғлиқ тажрибаларни тақдим этади.