Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига (Чорвоққа) мавсумий автобус қатнови яна бошланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бундан Тошкент вилоятига келувчи хорижий ва маҳаллий сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсад қилинган. Автобуслар «Машинасозлар» метро бекатидан соат 8:00 ва 18:00 да жўнайди. Чорвоқдан (Хумсондан) эса 6:00 ва 16:00 да ҳаракатланади.

Қатновлар Uzautotrans service корхонасининг YUTONG автобусларида амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда йўлкира нархи 20 000 сўм. Қатнов масофаси 75 км.

Эслатиб ўтамиз, автобусларнинг график асосида Чорвоққа қатнови 2023 йилнинг ёзида бошланди, орадан кўп ўтмай қатновлар сони яна оширилди. Ўтган йили йўлкира нархи 15 минг сўм эди.

Маълумот учун, 2023 йил 10 апрелдан Қамчиқ ва Жиззах довонлари, Чимён ва Чорвоқда туристик автобус ҳамда микроавтобуслар қатновини йўлга қўйишга рухсат этилган.