Тошкент шаҳрида май-август ойларида «Тошкент битирувчи ва талаба-ёшлари» лойиҳаси ўтказилади. Бу ҳақда 26 апрель куни пойтахт ҳокимлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Тадбирда шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов, ОАВ вакиллари, битирувчилар ва талабалар иштирок этди.

Таъкидланишича, лойиҳага 1 май санасида старт берилади ва август ойига қадар давом этади. Лойиҳа доирасида 60 дан зиёд тадбир ўтказилиши белгиланган. Хусусан, бандликка кўмаклашиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшларни IT ва замонавий бизнес соҳаларга йўналтириш, илм-фан ва тил ўрганишга кенг имкониятлар яратиш, замонавий касблар ва ёшларнинг қизиқишларини инобатга олувчи маданият ҳамда санъат билан боғлиқ тадбирлар бўлиб ўтади. Лойиҳага 1 миллион нафар ёшларни қамраб олиш кўзда тутилган.

«Жорий йил Тошкент шаҳрида жойлашган умумтаълим мактабларини 32 минг нафардан ортиқ ўқувчилар битиради. Ўтказилган дастлабки сўровлар натижасига кўра, битирувчиларнинг 19,5 мингга яқини олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш истагини билдирди. Лойиҳанинг асосий вазифаларидан бири битирувчилар бандлигини таъминлаш ҳисобланади. Тадбир давомида битирувчиларга бугунги кунда пойтахтда яратилаётган янги иш ўринлари ҳақида тўлиқ маълумот берилади. Ҳозирда туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари томонидан битирувчилар билан учрашувлар бошлаб юборилган», — дейилади шаҳар ҳокимлиги ахборотида.

ёшлар бандлиги, тошкент ҳокимлиги

Фото: Тошкент шаҳри ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, ҳозирги кунда пойтахтдаги давлат ва хусусий банклар, иқтисодий комплекс таркибидаги корхона ва ташкилотлардан 2 213 нафар масъул Тошкентдаги 585 та маҳаллага бириктирилган.

«Улар томонидан 2024 йил 1 сентябрга қадар шаҳарда 100 мингта янги иш ўрнини яратиш режаси банкларнинг кредит портфели қолдиғи, мижозлар сони ва уларнинг пул айланмаси таҳлилидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳри филиаллари кесимида тасдиқланди. Жумладан, Миллийбанк — 38 мингта, Ўзсаноатқурилишбанк — 20 мингта, Асакабанк — 10 мингта, Халқ банки — 7 мингта, Агробанк, Бизнесни ривожлантириш банки, Микрокредитбанк, Туронбанк ва Алоқабанк — 5 мингтадан янги иш ўринлари яратади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, битирувчи ёшларнинг 2 минг 415 нафари ушбу яратилаётган иш ўринларига ишга жойлаштирилади», — дейилади ахборотда.

Маълум қилинишича, лойиҳа мобайнида «Бизнесга биринчи қадам» дастури доирасида ажратиладиган кредит суммаси 5 млн сўмдан 17 млн сўмгача оширилиб, банклар ўзларига бириктирилган маҳаллаларга 18 фоиздан (амалда 24 фоиз) ҳамда норасмий даромадга эга бўлган ёшларга кредит ажратиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу йўналишда 1 минг 600 дан ортиқ битирувчи якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, ўз фаолиятини бошлаши кутилмоқда.

Шунингдек, шаҳар ҳокимининг февраль ойида қабул қилинган «Тошкент шаҳрида 2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури»га асосан, жорий йилда пойтахтда 19 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади. Мазкур иш ўринларига 5 минг 401 нафар битирувчилар бандлигини таъминлаш режалаштирилмоқда.

Пойтахт ҳокимлигига кўра, 2024 йилда хизмат кўрсатиш соҳасида 100 мингга яқин иш ўринлари ташкил этилиб, 2 минг 816 нафар битирувчи бандлиги таъминланади. 2156 нафар битирувчи Тошкентда жойлашган чет тиллари ва IT соҳасидаги ўқув марказларда ўқитилиб, сертификатлар билан таъминланади. Бундан ташқари, талабаларнинг таътил вақтида даромад топишлари учун «қурилиш отрядлари» ташкил этилиб, шаҳардаги йирик қурилиш ташкилотларига йўналтирилади.

«Лойиҳалар доирасида маданий ва интеллектуал танловлар, спорт мусобақалари, медиатренинглар, пойтахтнинг машҳур шахслари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан учрашувлар, фаол, замонавий, ўз мақсадига эга қизлар ва аёллар учун махсус аёллар нетворкинги ҳафталигини ўтказиш кўзда тутилган. Интеллектуал танловлар орасидан ғолибларнинг илмий ишланмалари саралаб олиниб, уларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида дастурлар ишлаб чиқилади», — дейилади ҳокимлик ахборотида.

Таъкидланишича, «Тошкент битирувчи ва талаба-ёшлари» лойиҳаси якунида «Йил талабаси» аниқланади, пойтахт Талаба-ёшлар уюшмаси фаолияти йўлга қўйилади. Бундан ташқари, иқтидорли талабалар учун «Тошкент шаҳри ҳокими стипендияси» жорий этилади ва 2024 йилнинг сентябрь ойидан стипендия бериш бошланади.

Лойиҳанинг якуний босқичида «Тошкент битирувчи ва талаба-ёшлари» номли йирик фестивал ҳамда гала-концерт ўтказилади.