29 апрель куни Тошкент вилояти Экология бошқармаси Сирдарё сув ҳавзаси шуъбаси икки нафар инспекторига браконьерлар ҳужум қилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Сирдарё дарёсининг Оққўрғон тумани ҳудудида ўтказилган рейд чоғида шуъба бошлиғи Д.Зоҳидов ва бош давлат инспектори T.Бўриев балиқ овлаш тўрлари ва моторли қайиқ ёрдамида ноқонуний равишда балиқ тутаётган шахсларни аниқлаган.

Инспекторлар моторли қайиқда яқинлашганда, ҳуқуқбузарлар уларга ҳужум қилиб, сувга итариб юборган. Шундан сўнг браконьерлар резина қайиқни ёқиб юборган ва воқеа жойидан қочиб кетган, дейилади хабарда.

Ҳуқуқбузарларни аниқлаш ва вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳужжатлар Тошкент вилояти прокуратураси ва вилоят ИИБга юборилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг хабар беришича, мазкур факт юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув натижаларига кўра ҳуқуқий баҳо берилади.