АҚШ Сенати Россиядан бойитилган уран импортини тақиқловчи қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллади, деб хабар бермоқда Bloomberg. Энди қонунни АҚШ президенти Жо Байден имзолаши керак. Вакиллар палатаси ушбу қонун лойиҳасини ўтган йилнинг декабрь ойида маъқуллаганди.

Чеклов қонун кучга киргандан кейин 90 кун ўтгач кучга киради ва 2040 йил охиригача амал қилади. Шу билан бирга, ҳужжат 2028 йил бошигача тақиқни вақтинчалик четлаб ўтиш имконини беради.

Bloomberg нашрининг таъкидлашича, Россия Қўшма Штатларга 90 та Америка ядро реактори учун ёнилғи сифатида ишлатиладиган бойитилган ураннинг тахминан 25 фоизини етказиб беради ва бу уни ҳажм бўйича биринчи хорижий етказиб берувчига айлантиради.

Агентликнинг таъкидлашича, АҚШда уранни сотиш ҳар йили Россияга 1 миллиард долларга яқин даромад келтирган. Бу таъминотни тўлдириш қийин бўлиши мумкин ва ёнилғи нархини тахминан 20 фоизга ошириш хавфи мавжуд, дея қайд этади агентлик.

«Бу миллий хавфсизлик устуворлигидир, чунки Россиянинг уран манбаларига қарамлик АҚШ иқтисодиёти ва Россиянинг Украинадаги уруши оқибатида янада зарар кўрган фуқаролик ядро саноати учун хавф туғдиради», — дейилади Оқ уй баёнотида.

Bloomberg Россиянинг ушбу чекловларга мамлакатдан кам бойитилган уранни экспорт қилиш ва етказиб беришни бир томонлама тақиқлаш билан жавоб бериши ҳақида ҳам маълумот берди.