Америка Қўшма Штатлари ва Саудия Арабистони қиролликка хавфсизлик кафолатларини берувчи, Исроил Ғазо секторидаги урушни тўхтатса, у билан дипломатик муносабатларга йўл очувчи мудофаа пактини тайёрламоқда, деб хабар бермоқда Bloomberg нашри манбаларига таяниб.

Келишув 7 октябрь куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми ва Ғазо секторидаги урушдан кейин музокаралари тўхтаб қолган шартноманинг янги талқини бўлади. Йил бошида Вашингтон ва Ар-Риёд музокараларни қайта бошлаган, кўплаб расмийлар ҳужжат бир неча ҳафта ичида имзоланишини кутмоқда, дея таъкидлайди агентлик.

«Бундай келишув Яқин Шарқни ўзгартириши мумкин. Бу Исроил ва Саудия Арабистони хавфсизлигини мустаҳкамлашдан ташқари, АҚШнинг минтақадаги позициясини ҳам мустаҳкамлайди, Эрон ва ҳатто Хитойни сиқиб чиқаради», — дейилади мақолада.

Bloomberg маълумотларига кўра, келишувнинг бир қисми сифатида Саудия Арабистони «Американинг илгари тақиқланган илғор қуролларига» кириш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. Бундан ташқари, араб мамлакати АҚШнинг сунъий интеллектга сармояси ва фуқаролик ядровий дастурини ишлаб чиқишдаги ёрдами эвазига Хитой технологиясининг ўз мамлакати тармоқларига киришини чеклаши шарт бўлади.

Келишувга эришилгандан сўнг, АҚШ ва Саудия Арабистони Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуга «ё Саудия Арабистони билан расмий дипломатик муносабатлар ўрнатадиган битимга қўшилиш» ёки «четда қолиш» танловини тақдим этади. Исроилнинг келишувга қўшилишининг асосий шартлари «Ғазодаги урушни тўхтатиш ва Фаластин давлатчилигига йўл очиш» бўлади.

Бироқ келишув тафсилотлари билан таниш манбалар бу режа «шубҳаларга тўла» экани ва амалга ошмай қолиши мумкинлигини «тан олади», деб ёзади агентлик.

Келишув, шунингдек, АҚШ Конгрессининг маъқулловини талаб этади, айниқса, Исроил уни қўллашни рад этса, бу Оқ уй учун «қийин вазифа» бўлади. Bloomberg`нинг таъкидлашича, 2018 йилда Саудия Арабистони махсус агентлари Washington Post шарҳловчиси Жамол Хашшогийни ўлдирганидан сўнг, кўплаб қонунчилар Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ҳақида «ҳали ҳам эҳтиёткор фикрда». Улар, шунингдек, ар-Риёднинг нефть қазиб олишни камайтириш стратегиясидан хавотир олмоқда.