Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистон ҳукумати ва халқаро молия институти ўртасида имзоланган келишув нимадан иборат эканини тушунтирди.

«[ЕТТБ ва Ўзбекистон] мамлакатдаги энг йирик давлат молия институтларидан бири «Асакабанк»ни хусусийлаштиришга тайёргарлик кўриш бўйича ҳамкорликда ишлашга келишиб олди. ЕТТБ тавсиялар, тажриба алмашиш, техник кўмак кўринишида хусусийлаштириш олдидан зарурий ёрдам кўрсатади ва банкнинг ўз капиталига хусусийлаштириш олдидан инвестиция киритиш имкониятларини кўриб чиқиши мумкин», — дейилади ЕТТБ хабарида.

Битимни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ва ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори Жужанна Харгитай имзолади.

Ҳужжатга кўра, томонлар «Асакабанк»ни хусусийлаштиришга тайёргарлик босқичида институционал трансформациялар ва корпоратив бошқарув тизимини ислоҳ қилиш бўйича иш олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат ва ЕТТБ ўртасида «Асакабанк»ни хусусийлаштириш тўғрисидаги битим имзолангани ҳақида Шавкат Мирзиёев хабар берганди.