Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистонга 4Р156 «Урганч — Хонқа — Ҳазорасп — Тошсоқа — Амударё — А380 автомобиль йўли»ни реконструкция қилиш учун 238 миллион долларгача миқдорда суверен кредит ажратди, дея хабар бермоқда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати.

Тегишли келишув Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланди.

Хоразм вилоятида 81 километрга яқин йўл реконструкция қилиниб, Амударё устидан кўприк қурилиши кутилмоқда.

«Бу стратегик муҳим йўл Урганчни Қозоғистонга А380 йўли билан боғловчи транспорт тармоғининг бир қисми ва Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлигининг 2-йўлаги ҳисобланади», — дейилади ЕТТБ томонидан эълон қилинган пресс-релизда.

Қурилиш ишлари тугаллангач, ҳозирги бир қаторли 2-тоифали йўл икки қаторли 1-тоифали автомобиль йўлига айланади. Шунингдек, банк маблағлари 4Р156 йўли бўйлаб ёрдамчи инфратузилмани модернизация қилишга ёрдам беради.

«Лойиҳа янги йўлнинг ўтказувчанлигини сезиларли даражада яхшилайди, шу орқали Хоразм вилоятида савдо ва туризмни рағбатлантиради», — дея таъкидланади ЕТТБ хабарида.

Ўзбекистонда бўлиб турган ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо шундай деди: «Биз ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаймиз, чунки у Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги стратегик мақсадларимизга жавоб беради. Бу, шунингдек, Европа Иттифоқининг Global Gateway ташаббуси билан қамраб олинган глобал транспорт ва логистика инфратузилмаси ечимларининг бир қисмидир».

2024 йил январ ойида Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ-Марказий Осиё транспорт соҳаси инвесторлари форумида ЕТТБ келгуси икки-уч йил ичида Транскаспий йўлаги инфратузилмаси ва тегишли транспорт ечимларига 1,5 миллиард евро сармоя киритишга тайёрлигини билдирганди.