Президент топшириғига кўра, бутун дунёда «Тошкент Қуръони» номи билан машҳур бўлган Усмон мусъҳафини консервация ва реставрация қилиш режалаштирилган, деб хабар қилди Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати.

Ушбу китоб Тошкентдаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Мўйи Муборак» мадрасасидаги музей-кутубхонасида сақланмоқда. Қўлёзма учинчи халифа Усмон ибн Аффон топшириғи билан VII асрда ҳижоз ёзувида қайта ёзилган.

тошкент қуръони, Усмон мусъҳафи

Лойиҳада хорижлик мутахассислар, жумладан, Кембриж университетидан Кристин Роз, франциялик реставраторлар Акселя Дело ва Корали Барб, шунингдек, Истанбул қўлёзмалар устахонаси ва архив бўлими мудири Нил Байдар иштирок этмоқда. Улар ҳар бир саҳифани кўздан кечириб, босқичма-босқич таъмирлаш режасини ишлаб чиқади ҳамда келгусида муҳофаза қилиш бўйича тавсияларни беради.

тошкент қуръони, Усмон мусъҳафи

Қуръоннинг жами олти нусхаси кўчирилди. Ҳар бирининг ўлчами 53×68 см бўлган 338 варақдан иборат.

«Дунёдаги энг қадимий қўлёзмалардан бирини реставрация қилишда иштирок этиш мен ва ҳамкасбларим учун беқиёс шарафдир. Усмон мусъҳафини ўрганиб чиқиб, унинг қониқарли ҳолатда эканини ҳисобга олиб, қадимий қўлёзманинг умумий ҳолатини сақлаб қолган Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги ҳамкасбларимизга миннатдорлик билдирамиз. Реставрация ишларидан ташқари қўлёзмани кейинги сақлаш ва ўрганиш бўйича тавсиялар рўйхатини тузамиз», — деди Кембриж халқаро университети реставрация ва консервация бўлими раҳбари Кристин Роз.

тошкент қуръони, Усмон мусъҳафи

Усмон мусъҳафини Самарқандга 14-асрда саркарда Амир Темур Ироқдан олиб келган. У Самарқанддаги мадрасада узоқ йиллар давомида сақланган. Ўрта Осиё чор Россияси томонидан босиб олингандан сўнг Туркистон генерал-губернатори Кауфман 1869 йилда уни Петербургга кўчирган. 1905 йилда бу китоб 50 нусхада чоп этилган.

1917 йилда Россиядаги тартибсизликлардан сўнг Тошкент ва Сирдарё уламоларининг илтимосига кўра 1923 йилда махсус фармон қабул қилинди ва унга кўра 1924 йилда Муқаддас китоб Ўзбекистонга қайтарилди.

тошкент қуръони, Усмон мусъҳафи

1989 йилда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қабул қилинган қарорига асосан Усмон мусъҳафи Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфига ўтказилган.

1997 йилда ЮНЕСКО мазкур Қуръонни «Жаҳон хотираси» рўйхатига киритди.

Иш Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Мусулмонлар идораси кўмаги ҳамда назорати остида амалга оширилмоқда.