«Газета.uz» президентнинг яширин иқтисодиётга қарши курашиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси ҳақида ёзганди. Ҳужжатда, жумладан, қурилиш ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларга кўчмас мулкни сотишда солиқ солинадиган базани ҳар квадрат метр учун минимал миқдорлардан келиб чиқиб белгилаш таклиф этилган.
Лойиҳага кўра, уй-жой сотиш учун солиқ солинадиган база 1 квадрат метр учун абсолют қийматда белгиланган минимал қийматдан паст бўлиши мумкин эмас. Тошкент шаҳрида ўртача минимал қиймат 5−7,5 миллион сўм, Нукус шаҳрида 3,5 миллион сўм, Қорақалпоғистоннинг бошқа ҳудудларида 2 миллион сўм, вилоятлар марказларида 5 миллион сўм, вилоятларнинг бошқа ҳудудларида — 4 миллион сўм миқдорида белгиланиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг «Газета.uz»га маълум қилишича, қўмита бундай таклиф билан чиқмаган.
Ҳужжат лойиҳасидаги яна бир таклиф кўчмас мулк ва автомобиллар билан операцияларни нақд пулсиз шаклга ўтказишдир.
Январ ойида Шавкат Мирзиёев яширин иқтисодиётдан давлат бюджетига етказилган зарар 30 триллион сўм, ялпи ички маҳсулотга етказилган зарар эса 135 триллион сўмни ташкил этгани ҳақида маълум қилганди. 27 мингта қурилиш корхонасининг 41 фоизи ҳисоботида фақат бир нафар ишчисини расмий ходим сифатида кўрсатган. Давлат раҳбари, айниқса, қурилиш, фармацевтика, алкоголь ва тамаки савдоси, ноқонуний олиб кириш, капитални нақд пулга айлантириш ва ноқонуний олиб чиқиб кетиш соҳаларида яширин иқтисодиётга қарши курашни янги босқичга кўтариш бўйича кўрсатмалар берган.
Кўп ўтмай, солиқ идоралари ходимлари янги қурилган уйларда яшовчилар ўртасида битимлар қанчалик қонуний равишда амалга оширилгани ва солиқ солинадиган базани камайтириб кўрсатиш ҳолатлари бор-йўқлигини аниқлаш учун сўровлар ўтказишни бошлаган. Жумладан, мухбирларимизнинг қайд этишларича, улар аҳолидан қандай тўлов усулидан фойдаланганлари, нақд пулда тўловлар содир бўлган-бўлмагани, тўловдан кейин банк чеклари берилган-берилмагани ҳақида сўрашган. Солиқ қўмитаси «Газета.uz»га шундай сўровлар ўтказилаётганини тасдиқлади.
Ўқувчиларимиз ҳам шартномада квартира нархини кам кўрсатиб, сумманинг бир қисмини нақд пулда тўлашда чегирма таклиф қилинган вазиятларга дуч келишган.
«Газета.uz» ўрганиш натижаларини билиш мақсадида Солиқ қўмитаси билан боғланди.
Тошкентда ва, умуман, Ўзбекистонда янги уйлар қандай нархда сотилмоқда?
Солиқ қўмитаси нотариуслар томонидан тақдим этилган маълумотлар ва қурувчи компанияларнинг электрон ҳисобварақлари (ЭҲВ) маълумотларини солиштирди, сўнгра янги квартиралар ва хусусий уйларни (асосан, янги қурилган уйлардаги квартираларни) сотишда солиқ солинадиган базанинг камайтирилганини аниқлаш мақсадида қурилиш ташкилотлари ва харидорлар ўртасидаги шартномаларни ўрганди.
1 кв.м учун ЭҲВдаги миқдор | Ўзбекистонда сотилган квартиралар сони | Умумий майдони, кв. м |
1 млн сўмгача бўлган миқдорда | 2650 дан ортиқ | тахминан 250 000 |
1−3 миллион сўм | 10 000 дан ортиқ | тахминан 720 000 |
3−5 миллион сўм | 15 500 дан ортиқ | 1 000 000 дан ортиқ |
5−6 миллион сўм | 14 500 дан ортиқ | 900 000 дан ортиқ |
6−7 миллион сўм | 7400 дан ортиқ | 450 000 дан ортиқ |
7−8 миллион сўм | 3400 дан ортиқ | 200 000 дан ортиқ |
8−9 миллион сўм | 2100 дан ортиқ | 120 000 дан ортиқ |
9−10 миллион сўм | 1000 дан ортиқ | 59 000 дан ортиқ |
10−15 миллион сўм | 2000 дан ортиқ | 120 000 дан ортиқ |
15 миллион сўм ва ундан юқори | 800 дан ортиқ | 60 000 дан ортиқ |
Ўрганиш, Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йилда деярли 3,98 миллион квадрат метр майдонга эга 60 мингдан ортиқ кўчмас мулк объектини сотган 2 мингга яқин компания ўртасида ўтказилди.
Натижалар шуни кўрсатдики, умуман олганда, республика бўйича умумий майдони қарийб 250 минг квадрат метр бўлган 2500 дан ортиқ янги хонадонлар ҳужжатлар бўйича 1 квадрат метри 1 миллион сўмгача бўлган нархда сотилган.
Умумий майдони қарийб 700 минг квадрат метр бўлган янги бинолардаги 10 мингдан ортиқ хонадоннинг нархи 1 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача бўлган.
Квартираларнинг асосий қисми 1 квадрат метр учун 3−5 миллион сўм оралиғида — умумий майдони 1 миллион квадрат метрдан ортиқ бўлган 15,7 мингдан ортиқ хонадонни (республикадаги умумий сотилган майдоннинг 26,3 фоизи) ташкил этди, шунингдек, 5−6 миллион сўм оралиғида — 900 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган 14,5 мингдан ортиқ хонадон (22,6 фоиз).
1 кв.м учун ЭҲВдаги миқдор | Тошкент шаҳрида сотилган квартиралар сони | Умумий майдони, кв. м |
1 млн сўмгача бўлган миқдорда | 150 дан ортиқ | 17 000 дан ортиқ |
1−3 миллион сўм | 1700 дан ортиқ | 135 000 дан ортиқ |
3−5 миллион сўм | 2800 дан ортиқ | 210 000 дан ортиқ |
5−6 миллион сўм | 2700 дан ортиқ | 195 000 дан ортиқ |
6−7 миллион сўм | 2200 дан ортиқ | деярли 160 000 |
7−8 миллион сўм | деярли 1900 | 120 000 дан ортиқ |
8−9 миллион сўм | 1700 дан ортиқ | 100 000 дан ортиқ |
9−10 миллион сўм | деярли 900 | 50 000 дан ортиқ |
10 млн сўмдан 15 миллион сўмгача | 1800 дан ортиқ | 110 000 дан ортиқ |
15 миллион сўм ва ундан юқори | 800 дан ортиқ | 60 000 дан ортиқ |
Тошкент шаҳрида қарийб 1,2 миллион квадрат метр майдонга эга 16,8 мингдан ортиқ хонадонни сотган 340 дан ортиқ қурувчилар фаолияти таҳлил қилинди. Сотувнинг асосий қисми Миробод (3600 дан ортиқ), Юнусобод (деярли 2600), Яшнобод (1900 дан ортиқ) ва Мирзо Улуғбек (1500 дан ортиқ) туманларига тўғри келди.
150 га яқин хонадон (асосан Юнусобод ва Миробод туманларида) 17 минг кв.м. янги биноларда ҳужжатларга кўра квадрат метри 1 миллион сўмгача бўлган нархда сотилган — бу пойтахтдаги янги биноларнинг ўртача нархларидан деярли 15 баравар арзон. Шартномаларда майдони 130 минг бўлган 1700 дан ортиқ янги хонадоннинг нархи 1 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача кўрсатилган.
Нотариуслар томонидан 210 минг квадрат метрга яқин 2800 дан ортиқ квартиранинг (асосан Яшнобод, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида) 1 квадрат метри 3−5 миллион сўмдан, яна майдони 195 минг квадрат метрдан ортиқ 2700 дан кўпроқ хонадоннинг (шундан умумий майдони 100 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган 1400 та хонадон Миробод туманида) ҳар бири 5−6 миллион сўмдан сотилиши қайд этилган.
Майдони 114 минг квадрат метр бўлган 1800 дан ортиқ хонадоннинг 1 квадрат метри 10−15 миллион сўмдан, майдони 60 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган яна 800 дан ортиқ объектлар — 15 миллион сўм ва ундан юқори нархда сотилган.
Январь ойида Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида янги квартираларнинг нархи 1 кв. метр учун 25 млн сўмга ($2027), вилоят марказларида таннарх 8−10 млн сўмга чиқиб кетганини хабар қилганди.
Тошкент шаҳрида янги қурилган уйларнинг бозор нархлари
Ҳудуд | 2022 йилда янги қурилган уйларнинг ўртача нархи | 2023 йилда қурилган уйларнинг ўртача нархи | Фарқ (% да) |
Тошкент | 1000 | 1273 | 27,3 |
Бектемир тумани | 742 | 465 | -37,3 |
Чилонзор тумани | 938 | 1217 | 29,7 |
Миробод тумани | 1366 | 1700 | 24,5 |
Мирзо Улуғбек тумани | 1009 | 1458 | 44,5 |
Олмазор тумани | 886 | 1103 | 24,5 |
Шайхонтоҳур тумани | 1411 | 2223 | 57,5 |
Сергели тумани | 775 | 979 | 26,3 |
Учтепа тумани | 896 | 1106 | 23,4 |
Яккасарой тумани | 1220 | 1465 | 20,1 |
Яшнобод тумани | 875 | 1087 | 24,2 |
Юнусобод тумани | 949 | 1250 | 31,7 |
Манба: МҲТИ.
Тошкентнинг иккиламчи бозорида нархлар 2023 йилда сезиларли даражада ошди — 10,47 миллион сўмдан 14,94 миллион сўмгача (+42,8 фоиз) ёки 1 квадрат метр учун 933 доллардан 1212 долларга (+29,8 фоиз). Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) томонидан ўтказилган йирик тадқиқот натижаларига кўра, янги уйларда квартиралар ҳар квадрат метр учун ўртача 1273 доллар туради (14,94 млн сўм). Янги уй-жой нархлари жойлашуви, ҳудуддаги ер нархлари, қурувчи ташкилот ва девелоперларнинг обрўси, қурилиш материаллари сифати ва лойиҳаларнинг ўзига хослиги, транспорт инфратузилмаси, ҳудуднинг ижтимоий ҳолати ҳамда инфратузилма ва хизматларга яқинлигига қараб 500 дан 2500 долларгача (ва ундан юқори) ўзгарган.
«Шаҳар ичидаги шаҳар» ҳисобланган Tashkent City мажмуаси жойлашган Шайхонтоҳур тумани пойтахтдаги энг қиммат туман саналади, янги биноларнинг ўртача нархи 1 квадрат метр учун 2223 доллар (2022 йилга нисбатан +57,5%). Кейинги ўринларда Миробод ва Яккасарой туманлари туради.
Тошкент туманлари орасида Яшнобод ва Сергели туманларида нархлар нисбатан арзон, аммо бу туманларда метро тармоғи қурилиши тугалланиши ва пойтахтнинг марказий туманларида уй-жой нархларининг ошиши бу ерда ҳам квартиралар нархининг ошишига туртки бўлди.
Самарқанд вилоятида ўтган йил охирида янги квартираларнинг нархи 1 кв.м учун 800 долларгача кўтарилди, Тошкент вилояти — 650 долларгача, Навоий вилояти — 500 долларгача, Хоразм вилояти — 422 долларгача, Жиззах вилояти — 430 долларгача, Қашқадарё вилояти — 467 долларгача, Қорақалпоғистонда — 467 долларгача.