Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Газета.uz»га берган қисқа интервьюсида мамлакатнинг магистрал газ тизимини модернизация қилиш зарурлиги ҳақида гапирди.

Аввал хабар берганимиздек, «Ўзтрансгаз» давлат компанияси 2024−2030 йилларда «шимолдан» газ импорти ҳажмини ошириш учун тизимни 500 миллион долларга модернизация қилмоқчи. Ҳозирда бу йўналиш орқали Россия газини олади (2023 йил 7 октябрдан бери). Етказиб бериш ҳажмини кунига 9 млн куб метрдан 32 млн куб метргача ошириш режалаштирилган.

«Биз импорт қиляпмиз, тўғрими? Қишда газ бормиди? Таъминландими? Ниманинг ҳисобига таъминлашди? Ҳа, қисман шимолдан барқарор [газ] таъминоти борлиги билан богғлиқ. Шимол таъминотнинг бир қисмини таъминлаб беради», — деди вазир.

Газ ташиш тизими «ҳар қандай ҳолатда ҳам модернизацияни талаб қилади», — дея қўшимча қилди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

«Февраль ойи ўрталарида — март ойининг бошларида нима учун муаммолар юзага келди? Музлама бўлди, музли ёмғир ёғди, [оқибатда] [электр узатиш] линиялари узилди, ерости газ омбори („Газли“ ерости газ омбори — таҳр.) тўхтаб қолди, насос йўқ эди ва шу икки кун ичида биз бутун тизимни тиклаганимизда қувурдан 40 миллион куб метр газ чиқиб кетди. Бу нимага таъсир кўрсатди? Биз АГТКШларни тўхтатиб, чекловлар киритишга мажбур бўлдик. Газ ташиш тизимининг ишончли ишлаши… Бир жойда қувурга шикаст етса, ишни тўхтатиб, тизимни [тиклаймиз]. Биласизми, қандай йўқотишлар?» — деди Энергетика вазирлиги раҳбари.

Вазирнинг таъкидлашича, биринчи чорак учун инвестиция дастурида кўрсатилган ва «шимолдан» газ импорти ҳажмини ошириш учун магистрал газ тизимини модернизация қилишга сарфланиши режалаштирилган 500 миллион доллар миқдори ўзгариши мумкин.

«Инвестиция дастури индикатив маълумотларни ўз ичига олади. Биз буни тайёрладик. „Компрессор станциялари“, „қувурлар“ дедик. Аммо биз ҳозир қувур ичидаги диагностикани ўтказмоқдамиз. Натижалардан келиб чиқиб, техник-иқтисодий асослаш лойиҳасини ишлаб чиқамиз ва бунда қанча маблағ керак бўлишини аниқлаймиз», — деди у.

Инвестиция дастурига кўра, Ўзбекистон магистрал газ узатиш тизимини модернизация қилиш ва самарадорлигини ошириш дастурини (2021−2024) амалга оширишни давом эттириш ҳам кўзда тутилган. Умумий қиймати 483 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида 511 километр магистрал газ қувурлари ва 10 газ насос агрегатини модернизация қилиш кўзда тутилган. 1 январь ҳолатига кўра, фойдаланилмаган 50,1 миллион доллар кредит маблағи мавжуд.

Дастлаб дастурни 2023 йилда «Газпромбанк» молиялаштириш билан якунлаш режалаштирилганди (ҳозирда дастурдаги бу ном «хорижий банк»га ўзгартирилди).

Аввалроқ Энергетика вазирлиги раҳбари нега мамлакат ёнида гази кўп Туркманистон бор бўла туриб, узоқроқ бўлган Россиядан ҳам газ импорт қилаётганига, шунингдек, бошқа давлатларга газ экспорт қилинаётганига тушунтириш берганди. Ўшанда у Россиядан газ етказиб бериш масаласини сиёсийлаштириш нотўғри эканини айтган.

2023 йилда Ўзбекистон экспорт қилганидан кўра кўпроқ газ импорт қилди. Етказиб бериш ҳажмлари орасидаги фарқ 165 млн доллардан ошди. «Газета.uz» мамлакат ичидаги улкан газ захираларига қарамай, бундай ҳолат юзага келишига сабабчи бўлган омилларни таҳлил қилганди.